Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қашқадарёда “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди
1481
Божхона органлари томонидан коррупция иллатига қарши курашиш бўйича қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Қашқадарёда “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

Жумладан, Қашқадарё вилояти божхона бошқармасида  ўтказилган навбатдаги давра суҳбати ҳам долзарб мавзулардан ҳисобланмиш коррупция ва унинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда унга қарши курашиш масалаларига бағишланди. Ўтказилган тадбирда вилоят божхона бошқармасида ҳамда божхона постларида хизмат олиб бораётган ходимлар иштирок этди.

Тадбирда Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлими томонидан амалга оширилган ишлар, коррупцияга қарши курашдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти тўғрисида сўз юритилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-, 211- ва 212-моддаларида айнан коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликлар кўзда тутилганлиги яна бир бор етказилди.

Коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини янада ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил  27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сон Фармони қабул қилинганлиги ва унинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.

Йиғилиш давомида, бошқарманинг Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлими бошлиғи Ҳ.Ҳасанов томонидан бошқарма ходимлари ҳалол ва пок хизмат олиб боришлари, тамагирлик иллатларига аралашмасликлари ҳамда одоб-аҳлоқ қоидаларига қатъий риоя қилишлари бўйича тушунтиришлар берилди.

Шуни алоҳида айтиш жоизки, коррупцияга қарши курашишда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки барчамиз биргаликда, ҳамкорликда курашсаккина бу иллатнинг илдизини қуритишга эриша оламиз.

Эслатиб ўтамиз, агарда ташқи иқтисодий фаолият субъектлари ва фуқароларда божхона соҳасига оид муаммо ҳамда саволлар юзага келган тақдирда, Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 ҳамда Қашқадарё вилояти божхона бошқармасининг (75) 221-04-80 рақамли ишонч телефонларига мурожаат этишлари мумкин.

24.06.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг