Айниқса, бугунги кунда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги дўстона муносабат ва ўзаро иқтисодий ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб, кўплаб келишувларга эришилмоқда. Бу эса ҳар икки мамлакат иқтисодий ривожида муҳим аҳамиятга эга.
Бугун Ўзбекистон-Россия Ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг навбатдаги йиғилиши доирасида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакат делегацияси Россия Федерациясига ташриф буюрди. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти ҳам иштирок этиб, соҳага оид масалалар юзасидан бир қатор халқаро шартномалар имзоланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан Федерал божхона хизмати (Россия Федерацияси) ўртасида Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ва Россия Федерациясига олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини тавсифловчи маълумотлар алмашинуви тўғрисидаги 2017 йил 7 апрелдаги Баённомага ўзгартириш ва қўшимча киритиш юзасидан томонлар келишувга эришилди.
Мазкур ҳужжатнинг асосий мақсади – Ўзбекистон Республикасидан Россия Федерациясига экспорт қилинадиган айнан мазкур рўйхатдаги қишлоқ хўжалиги товарларининг нарх қиймати тўғрисидаги маълумотларни ҳаққонийлигини таъминлашда ўзаро ҳамкорлик қилиш ва Россия Федерациясида мазкур товарларга нисбатан божхона тартиб-таомилларини амалга оширишни тезлаштириш ҳисобланади.
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан Федерал божхона хизмати (Россия Федерацияси) ўртасида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида товар ва транспорт воситаларини олиб ўтишда божхона операцияларининг соддалаштирилган тартибини ташкил этиш тўғрисида 2016 йил 30 декабрда имзоланган Битимга қўшимчалар киритиш” борасида ҳам ҳужжат имзоланди.
Ўзбекистон Республикасидан Россия Федерациясига экспорт қилинадиган тайёр текстиль маҳсулотларининг хорижий бозорга кириб боришига янада қулай муҳит яратиш мақсадида, Давлат божхона қўмитаси томонидан Баённома лойиҳаси тайёрланди.
Мазкур Баённома лойиҳасини имзоланиши натижасида, Россия Федерациясига олиб кирилаётган тайёр ўзбек текстиль маҳсулотларини Россия бозорига киришида, божхона қонунчилиги бузилиши хавфи аниқланмаса, ушбу товарларга нисбатан божхона кўриги ўтказилмайди. Натижада, тайёр текстиль маҳсулотларининг хорижий давлат бозорига кириб бориши тезлашади.
Ташриф доирасида яна бир муҳим масала, яъни “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан Федерал божхона хизмати ўртасида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан шубҳали молиявий операцияларни амалга оширишни олдини олиш, аниқлаш ва тўхтатиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида Меморандум имзоланди.
Мазкур Меморандумнинг мақсади – молиявий манбаларни ноқонуний хорижга олиб чиқиш бўйича режалаштирилаётган ёки амалга оширилган ҳолатлар юзасидан ҳужжатлар ва маълумотларни ўзаро алмашишдан иборат.
Ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унинг доирасида ҳамкорликни амалга ошириш, Давлат божхона қўмитасининг мазкур йўналишдаги фаолиятини Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг (ФАТФ) суверен давлатларнинг ихтисослашган таркибий тузилмалари ўртасида мазкур йўналишда ҳамкорликни кучайтириш бўйича тавсияларига мувофиқлаштириш имкониятини беради.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан Федерал божхона хизмати (Россия Федерацияси) ўртасида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга (ўзлаштириш) қарши курашиш ҳамда жисмоний шахслар томонидан нақд пул ва (ёки) пул воситаларини трансчегаравий олиб ўтишда терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида ахборий ҳамкорлик қилиш тўғрисида битим имзоланди.
Унинг доирасида божхона маъмуриятлари чегаралар орқали нақд пул ва валюта қимматликларини олиб ўтаётган жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотлар, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар, жисмоний шахсларнинг фуқаролиги, жисмоний шахслар томонидан олиб ўтилаётган нақд пул ва (ёки) валюта қимматликларининг миқдори ва олиб ўтиш куни каби маълумотларни ўз ичига олган ахборотларни алмашадилар.
Хулоса ўрнида айтганда, икки мамлакатнинг божхона тизимлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликдаги ишлар ва дўстона алоқалар соҳанинг янада ривожланишига ҳамда мамлакат иқтисодий хавфсизлиги учун муҳим аҳамият касб этади.
22.06.2021