Мазкур йўналишда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармасида ҳам зарур ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш мақсадида кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик учун Давлат божхона қўмитасининг қисқа “11-08” ҳамда бошқармада ташкил қилинган (67) 225-48-67 ишонч телефон рақами доимий фаолият кўрсатаётганлиги маълум қилинмоқда.
Шу ўринда, коррупция билан боғлиқ жиноятчиликнинг хавфсизлик ва жамият тараққиётига таҳдидларига тўхталсак.
Албатта, коррупция амалга оширилаётган ислоҳотларга қаршилик кўрсатиш ифодасидир.
Бу иллат домига илинган кишилар шахсий бойлик орттириш мақсадларини ва уруғ-аймоқларининг манфаатларини давлат манфаатларидан устун қўяди.
Натижада, мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий йўлига ҳамда аҳолининг аксарият қисмига тузатиб бўлмас зарар етказади.
Яна бир таҳдид шуки, жиноятчилик ва коррупциянинг авж олиши давлатнинг конституциявий асосларини емиради, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг жиддий тарзда бузилишига олиб келади.
Шунингдек, жиноятчилик ва коррупция жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларини емиради. Жамият аъзоларининг фуқаролик мавқеини йўққа чиқаради. Амалга оширилаётган ўзгаришларга салбий муносабат вужудга келиши учун шароит яратиб беради.
Бунинг натижасида эса фуқаролар онгида, айниқса, ёш авлоднинг бир қисмида, ҳаётда юксак турмуш даражасига эришишнинг асосий усули қонунга хилоф фаолият билан боғлиқ, деган мутлақо ахлоққа зид нуқтаи назар шаклланиши ва қарор топиши мумкин.
Ачинарлиси, давлат органларининг жиноятга аралашиб қолиши ривожланаётган жамият учун энг жиддий хавф-хатарлардан биридир. Жиноий тузилмаларнинг давлат органлари амалдорлари билан чатишиб кетиши, уларнинг турли тармоқларига кириб олиши жамоатчилик наздида фуқароларнинг ҳимоясизлиги ҳиссини кучайтиради.
Хулоса сифатида шуни таъкидлаш мумкинки, коррупция жамият тарақиётига, ижтимоий адолат мезонларининг таъминланишига ва умуман ҳуқуқий давлатчилик асосларига салбий таъсир этувчи иллат сифатида, узлуксиз ва тизимли кураш олиб боришни, олдини олиш чораларини белгилаш ва амалга оширишни, унинг сабаб ва шароитларини ўрганиш ҳамда бартараф этиш чораларни кўришни тақозо этувчи воқелик ҳисобланади.
21.06.2021