Шунингдек, сессияда кун тартибидаги “Туманлар кесимида экспорт салоҳиятини ошириш, товарлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва импортни оптималлаштириш” масалалари бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан Жиззах вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Н.Мусамухамедовнинг ҳисоботи ҳам тингланди.
Рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2021 йилнинг январь-май ойлари давомида Жиззах вилоятининг ташқи савдо айланмасида товарлар экспорт ҳажми 75,5 млн. долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 89 % фоизга ёки 35,5 млн. долларга кўпайган.
Товарлар экспортининг 58,2 млн. доллари ёки 77 %и тармоқ корхоналари, 17,3 млн. доллари ёки 23 % ҳудудий корхоналар ҳисобига тўғри келмоқда.
Жиззах вилоятининг худудий корхоналари томонидан 22 та хорижий давлатларга товарлар экспорти амалга оширилиб, ушбу товарлар асосан Хитой, Қозоғистон, Россия, Афғонистон, Туркия ва бошқа давлатларга тўғри келади. Шу билан бирга, ўтган йилнинг январ-май ойларида Нидерландия, Қатар, Сербия, Молдова, Вьетнам давлатларига ҳам жами 234,6 минг долларлик товарлар экспорти амалга оширилган.
Вилоятдан асосан, мева-сабзавот, калава ип, тўқимачилик, озиқ-овқат, кимё саноати маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва бошқа товарлар экспорт божхона режимига расмийлаштирилган.
Жиззах вилоятидан жорий йилнинг январь-май ойлари мобайнида мева-сабзавот маҳсулотлардан асосан мош (2,7 млн долл.), карам (597,8 минг. долл.), ёнғоқлар (625,7 минг. долл), ковул (526,8 минг. долл.), узум (445,6 минг. долл.), сабзи (396,1 минг. долл.), олма (321,7 минг долл.), қалампир (295,8 минг долл.), шолғом (282,5 минг долл.), лавлаги (242,8 минг долл.) маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Жиззах вилояти ҳудудида фаолият олиб бораётган корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш, товарлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва импортни оптималлаштириш юзасидан божхона органлари томонидан самарали ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса иқтисодиётимизни янада ривожланишига хизмат қилади.
18.06.2021