Рақамли иқтисодиётнинг таркибий қисми бўлган рақамли божхона соҳасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларининг босқичма-босқич жорий этилиши натижасида фаолият шаффофлиги ҳамда самарадорлиги тобора ортиб бормоқда.
Ўтган бир неча йил давомида бу борада тизимли ишлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони билан божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш, божхона органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш, «Қоғозсиз ва электрон божхона»нинг мантиқий давоми ва ривожланиши бўлган «Рақамли божхонани» шакллантириш, божхона иши соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш мақсадида “2020–2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш Концепцияси” тасдиқланди.
Ушбу Концепция доирасида божхона органларининг фискал функцияларини амалга оширишни такомиллаштириш, ТИФни тариф ва нотариф жиҳатдан тартибга солишни соддалаштириш юзасидан жисмоний шахсларнинг олиб кириш нормасидан ортиқча товарлари тўғрисидаги дастлабки маълумотлар асосида божхона тўловларини ҳисоблаш (шу жумладан тўлаш) бўйича интерактив хизмат турини жорий этиш ва божхона тўловларини тўлаш механизмларини такомиллаштириш, шу жумладан, пул маблағларини тўлашнинг замонавий электрон технологияларини ривожлантириш каби тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Олиб борилган ислоҳотлар натижасида интерактив хизматлар сони 2017 йилда 9 тага, 2020 йилда 30 тагача етказилиб, 2021 йилда эса қўшимча 6 тага кўпайтирилади. Ушбу хизматларни жорий қилиниши орқали божхонага келиб тушаётган мурожаатлар сонини кескин қисқартиришга эришилмоқда.
Божхона органларида 2017 йилга қадар 23 та электрон ахборот тизимлари яратилган бўлса, 2020 йилга келиб уларнинг сони 63 тага етказилди, 2021 йил якунига қадар 14 та янги дастурлар ишлаб чиқилиши режалаштирилган.
Шунингдек, “Хавфларни бошқариш” ахборот тизими такомиллаштирилиб, автомобиль чегара божхона постларида амалиётга жорий этилди.
Янги дастур орқали “яшил” йўлакда – 2,5%, “сариқ” йўлакда – 91% ва “қизил” йўлакда – 6,5% товарлар расмийлаштирилди.
Аниқланган хавфлар асосида 192 та ҳолатда 6 млрд. сўмдан зиёд товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилиши аниқланди.
Илгари мамлакатимизга кириб келган ҳар бир товар божхона кўригидан ўтказилган бўлса, ҳозир атиги 25-26% ўтказилмоқда. Шунингдек, 2018 йилда 25 000 ҳолатда божхона экспертизаси ўтказилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 3 100 тани ташкил этди.
Рухсатнома ҳужжатларини олиш учун тадбиркорлик субъекти илгари идорама-идора юрган бўлса, ҳозирда ушбу жараёнлар онлайн “Ягона дарча” ахборот тизими орқали амалга оширилмоқда. Тўғри аризаларни топшириқ ва рақамли кўринишда рухсатномаларни расмийлаштиришга эришилган бўлсада, уларнинг берилиши вақтига катта таъсир ўтказмади. Аммо, юқорида қайд этилганидек ушбу жараёнларни тўлиқ мониторинг қилиш имконияти яратилди.
Шунингдек, 2020 йил 5 июлдаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005-сон Фармонга мувофиқ Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси таркибида махсус таркибий тузилма сифатида Ситуацион марказ фаолияти йўлга қўйилди.
Шунинг билан бирга божхона органларида 2021 йилнинг 5 ойида 4 732 та ҳолатда 326,3 млрд. сўмлик божхона қонунбузилиши ҳолатлари аниқланиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 594 тага, ушланган товар моддий бойликлари қиймати бўйича 212,7 млрд. сўмга ёки 2,8 баробарга ортди.
Бундан ташқари, тизимда ўрнатилган янги модуллар ёрдамида Давлат бюджетига 229,4 млрд. сўмдан зиёд қўшимча тўловлар ундирилди.
Зеро, соҳада олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар мамлакатимизнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашга, юртимиз инвестицион салоҳиятини оширишга, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга, божхона органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Анвар АБИДОВ
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходими
18.06.2021