Юртимизда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилди. Бугун фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш мақсадида барча давлат идораларида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан янги тизим яратилди.
Мамлакатимизда ўтказилаётган сайёр қабуллар халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, шунингдек, халқ билан ҳамнафас бўлиш имконини бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг суд-ҳуқуқ соҳасида сайёр қабуллар ўтказиш ҳақидаги топшириғига асосан Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Президент Халқ қабулхоналари, Олий суд, Судьялар Олий Кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитаси раҳбар ҳамда ходимлари иштирокида оммавий қабул бошланди.
Вилоятдаги туманларда бўлиб ўтаётган очиқ мулоқотлар чоғида мамлакатимизда демократик ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Одил судловга эришиш, суд иши юритувини янада яхшилаб, самарадорлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самараларини бераётгани қайд этилди.
Ушбу оммавий сайёр қабулларда Давлат божхона қўмитаси Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти ва тегишли бўлим бошлиқлари ҳам фуқароларимиздаги божхона соҳасига доир мурожаатларни қабул қилишмоқда.
Ўтказилаётган сайёр қабулларда шу кунга қадар божхона соҳасига доир 10 га яқин мурожаатлар келиб тушди. Мазкур мурожаатлар чуқур ўрганилиб жойида малaкали ходимлар иштирокида фуқароларимиз мурожаатлари қаноатлантирилмоқда ҳамда ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда.
Сайёр қабуллар давомида божхона соҳаси бўйича маслаҳат сўраган фуқаролар ва мурожаатчиларга жойида тушунтиришлар берилди. Шунингдек, божхона соҳасига доир мурожаатлар юзасидан исталган вақтда Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 ҳамда вилоят божхона бошқармасининг (76) 225 24-51 рақамли ишонч телефонларига мурожаат қилиш мумкинлиги эслатиб ўтилди. Шунингдек, божхона органларининг интернетдаги “bojxona.uz” расмий веб-сайтидан ҳам зарур маълумотларни олиш имконияти мавжудлиги эслатиб ўтилди.
15.06.2021