“Чуқурсой” ҳамда “Тошкент-товар” ТИФ божхона постлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида хориждан келтирилган жами 8000 дона, қиймати эса 355 млн. сўмлик велосипед насослари ҳужжатларда кўрсатилмаганлиги аниқланди.
Бошқа бир ҳолатда эса, юртимизда фаолият олиб борувчи масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига хориждан келтирилган товарлар божхона назоратидан ўтказилиши натижасида ҳужжатларда кўрсатилганидан ортиқча, қиймати 142,4 млн. сўмни ташкил этувчи, 118 дона электрон сув насослари, 40 дона газон қирқувчи мосламалар ҳамда 50 дона ювиш аппаратлари борлиги маълум бўлди.
Шунингдек, “Чуқурсой техник идораси” чегара божхона постида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир натижасида 812,1 млн. сўмлик икки қатламли пленка товарлари ҳам юк ҳужжатларида қайд этилмаганлиги аниқланди. Мазкур товарларга нисбатан 328,89 млн. сўм миқдорида қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.
Юқорида келтирилган барча ҳолатлар натижасида умумий қиймати 1,3 млрд. сўмдан ортиқ товар-моддий бойликларнинг ноқонуний импортига чек қўйилди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
15.06.2021