Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Имтиёзлар иқтисодий тараққиётга хизмат қилади
2092
Бугунги кунда мамлакатимизда инвестиция салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, инвестиция муҳитини янада такомиллаштириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш учун қулай шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Бу албатта республикамиз иқтисодиётининг ўсишида жуда муҳим аҳамиятни касб этади.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик нормаларига мувофиқ чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга қулай шароит яратиш билан бирга республикага олиб кириладиган товарларга божхона тўловлари бўйича бир қатор имтиёзлар назарда тутилган.

Жумладан, Божхона кодексининг 297-моддасида устав фондида (устав капиталида) чет эл инвестицияларининг улуши камида ўттиз уч фоиз бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан икки йил давомида ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун божхона ҳудудига олиб кириладиган мол-мулк, шунингдек Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига умумий суммаси эллик миллион АҚШ доллари эквивалентидан ортиқ бўлган тўғридан-тўғри инвестицияни амалга оширган чет эллик юридик шахслар томонидан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларга, башарти олиб кирилаётган товарлар уларнинг ўз ишлаб чиқариш маҳсулоти бўлса божхона божи тўлашдан озод қилинади.

Шу билан бирга, Солиқ кодексининг 211-моддасида импорт қилинаётган товарларга қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар қаторига инвестор билан давлат мулкини бошқариш бўйича ваколатли давлат органи ўртасида тузилган шартномага мувофиқ инвестиция мажбуриятлари сифатида олиб кириладиган мол-мулк киритилганлиги бежизга эмас.

Яна бир муҳим соҳа бу – туризм ҳисобланади. Бу борада республиканинг туризм салоҳиятини, биринчи навбатда инвестицияларни фаол жалб қилиш, соҳага инновацион ғоя ва технологияларни жорий этиш, шунингдек, мамлакатнинг бой табиий, маданий ва тарихий меросининг мавжуд ресурслари ва имкониятларидан ҳар томонлама фойдаланиш ҳисобига ривожлантириш учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадидаЎзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги ПФ-5326-сон фармони қабул қилинди. Унга кўра,

а) тематик хиёбонлар, меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларини 2022 йилнинг 1 январига қадар — белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатларга кўра тематик хиёбонлар, меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларини қуриш, қайта таъмирлаш ва жиҳозлаш учун Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, техника, хомашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, қурилиш ва бошқа материалларни олиб кириш учун божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари);

в) туризм соҳасидаги тадбиркорлик фаолияти субъектларини 2022 йилнинг 1 январига қадар — Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган:

ҳайдовчи билан биргаликда 8 ва ундан ортиқ кишини ташишга мўлжалланган туризм тоифасига оид транспорт воситалари;

дор (осма) йўлларни, тоғ-чанғи кўтаргичлар, фуникулёрлар ва бошқа ўхшаш объектлар ва иншоотларни қуриш, қайта таъмирлаш ва жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар, механизмлар ва эҳтиёт қисмлар, шунингдек, аэростатлар (ҳаво шарлари), мотор қайиқ ва квадроцикллар учун белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатларга кўра божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилди.

Юқоридаги имтиёзли товарларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 майдаги ПҚ-3756-сон қарори билан белгиланган тартиб-таомилга асосан имтиёз олувчи корхона томонидан тузилади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» давлат унитар корхонасига киритилади. Ушбу рўйхат бўйича ижобий хулосаси олинган тақдирда, ташкилот рўйхатда кўрсатилган товарларни божхона тўловлари белгиланган тартибда имтиёзли расмийлаштириб берилади.

Н.Салимжонов

16.10.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг