Божхона органларида соҳа фаолиятини бажаришда мавжуд бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш, бу билан божхонани “коррупциясиз соҳа”га айлантиришга қаратилган амалий ишлар бошлаб юборилган.
Бугунги кунга келиб, божхона органларида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида, маҳсулотларни экспорт ва импортга расмийлаштириш соддалаштирилди, жараёнларда инсон омилини кескин камайтирилишига эришилди.
Божхона назорати ва расмийлаштирувининг амалда қўлланиб келинган самарасиз шакллари ва усулларидан воз кечилди, бу борада автоматлаштирилган ахборот тизимларидан кенг фойдаланилмоқда.
Ҳозирда божхона органларида 60 га яқин ахборот тизимлари ва 30 та интерактив хизматлардан унумли фойдаланилмоқда.
Мисол учун, жорий йилнинг ўтган даврида Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси томонидан “Хавфни бошқариш” тизими орқали расмийлаштирилган товар ва транспорт воситаларининг 65% дан ортиқ қисми соддалаштирилган тартибда амалга оширилган.
Экспорт ва импорт операциялари автоматлаштирилган ахборот дастурлари асосида амалга оширилаётганлиги, божхона юк декларациялари автоматик рўйхатга олиниши ва автоматик тақсимланиши расмийлаштирув билан боғлиқ жараёнларни илгаригидек 2-3 соатда эмас, аксинча 10-15 дақиқада бажарилишига эришилмоқда.
Божхона расмийлаштирувларининг катта қисми “яшил” ва “сариқ” йўлаклар орқали амалга оширилганлиги, ҳалол ва қонунга итоаткор ташқи иқтисодий фаолият субъектлар сонини оширишда ҳам қўл келмоқда. Бу эса, коррупция ва божхонага оид қонунбузарликларни бартараф этишда кўзланган мақсадларга эришишда асқотмоқда.
Сабаби, тизим орқали тўғри ва қонуний йўлни танлаган тадбиркорларга максимал енгилликлар тақдим этилмоқда.
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси коррупцияга қарши курашиш мақсадида кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик учун Давлат божхона қўмитасининг қисқа “11-08” ҳамда бошқармада ташкил қилинган (75) 221-04-80 ишонч телефон рақами доимий фаолият кўрсатаётганлигини маълум қилади.
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
14.06.2021