Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Иссиқхона маҳсулотлари хорижга экспорт қилинмоқда
1954
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари Қарши туманида жойлашган “Тараққиёт сари сервис” масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрди.
Иссиқхона маҳсулотлари хорижга экспорт қилинмоқда

Мазкур корхона томонидан 20 гектар ер майдонига замонавий гидропоника усулидаги иссиқхона барпо этилган. Маълумки, бундай иссиқхоналар сувни тежаши ва ҳосилдорлиги билан ажралиб туради.

Корхона масъулларининг айтишича, оддий усулда етиштирилаётган помидор кўчатларидан 3 килограмм ҳосил олинса, гидропоника усулида ҳосилдорлик 10 килограммни ташкил этади. Экинларнинг пишиб етилиши ҳам 30 кунгача қисқаради. Айни кунда корхонада 300 нафар ишчилар меҳнат қилишмоқда.

Иссиқхонада Нидерландиядан серҳосил помидор нави келтирилиб, парваришланмоқда. Иш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилган тартибда олиб борилмоқда.

Гидропоника усулидаги иссиқхонада Корея Республикасидан қиймати 5 миллион АҚШ долларилик замонавий ускуна ва жиҳозлар келтириб ўрнатилган.

Амалдаги қонун ҳужжатларга кўра, мамлакатимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, бу турдаги ускуна ва жиҳозлар учун божхона тўловларидан имтиёз ва преференциялар қўллаш назарда тутилган бўлиб, тадбиркорга 19 миллиард 24 миллион сўмлик божхона тўловларидан имтиёз қўлланилган.

Ташриф давомида корхона масъулларига мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришда қабул қилинган янги қонун ҳужжатлари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 майдаги “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5113-сон қарори мазмун-моҳияти, божхона тадбиркорларга яратилган қулайликлар ҳамда маҳсулотларни экспортга расмийлаштиришдаги мавжуд енгилликлар тўғрисида тушунтиришлар берилди.

14.06.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг