Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти битирувчиларига дипломлар топшириш ва тантанали кузатиш тадбири бўлиб ўтди
1553
Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида ушбу олий ўқув юртини тугаллаётган битирувчиларга тантанали диплом топшириш тадбири бўлиб ўтди.
Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти битирувчиларига дипломлар топшириш ва тантанали кузатиш тадбири бўлиб ўтди

Тадбирда, Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти, божхона фахрийлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда битирувчиларнинг ота-оналари иштирок этишди.

Тантанали тадбир давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори божхона органлари ходимларининг билим ва кўникмаларини, шунингдек, вазифа ва функцияларни самарали ва оқилона амалга ошириш учун зарур бўлган юксак касбий маҳоратини ривожлантириш ва такомиллаштиришни таъминловчи божхона органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг ягона тизимини ташкил этишга хизмат қилмоқда.

Божхона тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида такомиллаштирилган ўқув дастурлари асосида ушбу олий ўқув юртида таҳсил олган курсантлар “Янги Ўзбекистоннинг эртанги кун божхонаси эгаси” сифатида хизматга киришмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Давлат божхона қўмитаси Раиси битирувчиларга табрик йўллар экан, замонавий янги Ўзбекистон божхонасини фақатгина жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан шакллантира олиш мумкинлиги, бунинг учун, авваламбор, ташаббускор, ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикрлайдиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялаш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши зарурлигини, офицерлик унвонини қабул қилаётган ёш кадрларни мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда ўз қасамёдига ва бурчига ҳамиша садоқатда бўлишлари лозимлигини таъкидлади.

Айни вақтда ушбу олий ўқув юртида икки босқичли “Божхона иши” ва “Юриспруденция (иқтисодий хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш)” мутахассисликлари бакалаврларни ҳамда “Божхона иши (фаолият турлари бўйича)” ва “Солиқ ва божхона ҳуқуқи” мутахассисликлари бўйича магистрларни тайёрлаш амалга оширилади.

Шу билан бирга, курсантлар учун таълим жараёни назария ва амалиёт уйғунлигида олиб борилди ва улар божхона органлари фаолиятида кенг қўлланилаётган ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш кўникмасига эга бўлишди.


-

-

-

Институт томонидан халқаро алоқалар йўналишида хорижий мамлакатларнинг илғор олий ўқув юртлари  билан кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот ишларини ҳамкорликда олиб бориш, тажриба алмашиш йўналишларида икки томонлама битим ва меморандумлар тузилган.  

Мазкур ўқув йилида институтни муваффақият билан тамомлаётган ёш божхоначилар эндиликда ўз хизмат фаолиятларини Давлат божхона қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларида давом эттирадилар.

Тадбирда сўз олган божхона фахрийлари, битирувчилар ва уларнинг ота-оналари ёш офицерларни қизғин муборакбод этиб, уларни келгусидаги хизмат фаолиятига улкан зафарлар тилашди.

Республикамизда барча соҳаларда бўлгани каби, божхона соҳасида ҳам олиб борилаётган изчил ислоҳотларни рўёбга чиқаришда ҳамиша камарбаста бўлишга ва Қасамёдга содиқ бўлиб Она-Ватанимизга садоқат билан хизмат қиладиган намунали божхоначи бўлишга чорлашди.

12.06.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг