Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Халқаро ҳамкорликнинг янги истиқболлари
3567
Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарликларида олиб борилаётган фаол ташқи сиёсат натижасида Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан халқаро ҳамкорлиги тобора кенгайиб бормоқда.
Халқаро ҳамкорликнинг янги истиқболлари

Хусусан, кейинги йилларда Корея Республикаси билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг  янада ривожланиши натижасида ушбу давлат Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа йўналишлардаги асосий ҳамкор давлатларидан бирига  айланди.

Амалдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, келгусидаги пировард масалаларни келишиб олиш мақсадида жорий йилнинг 11 июнь куни Корея Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Кан Чже Квон Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига ташриф буюрди.

Учрашув давомида Давлат божхона қўмитаси Раиси М.Азимов Ўзбекистон ва Корея давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик борасида тўхталиб, бугунги кунда икки давлат алоқалари тобора янги босқичга чиқаётганлиги, ташқи савдо ҳажмининг йилдан йилга ортиб бораётгани эса иккала мамлакат божхона хизматлари ўртасида ҳам фаол ҳамкорликни янада ортишига сабаб бўлишини алоҳида таъкидлади.

Маълумот тарзида шуни айтиш керакки, жорий йилнинг 15-20 май кунлари юқори даражадаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Корея Республикасига ташриф буюрди ва у ерда бир қатор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан учрашувлар ташкил этилди. Ушбу ташриф доирасида божхона соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш борасида қатор келишувларга ҳам эришилган.

Давлат божхона қўмитасида ташкил этилган бу галги учрашувда ҳам икки мамлакат божхона хизматлари ўртасида келгусидаги ҳамкорлик алоқаларининг истиқболли йўналишлари ва стратегиясини белгилаб олиш мақсадида, келгусида божхона хизматлари раҳбарларининг ишчи ташрифларни амалга ошириш, божхона органларини стратегик ривожлантириш, божхона маъмурчилигини такомиллаштириш юзасидан маслаҳатлашувларни амалга ошириш учун Корея божхона хизмати мутахассисларини Ўзбекистонга таклиф этиш, шунингдек, ДБҚ Божхона институти ва Корея божхона-чегара назорати институти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, Кореянинг Инчхон халқаро аэропортида ташкил этилган божхона назоратининг илғор тажрибасини ўрганиш, Давлат божхона қўмитаси лабораторияси фаолиятини такомиллаштириш ва Жаҳон божхона ташкилотининг Минтақавий божхона лабораторияси мақомини олишда Корея божхона хизмати кўмагини жалб этиш масалалари йиғилганлар эътибор марказида бўлди.

Мулоқот жараёнида Корея Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Кан Чже Квон томонидан бугунги кунда Ўзбекистон Корея Республикаси билан мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйган давлатлардан бири эканлиги ва бу ишларни янада жадаллаштириш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, тадбир давомида икки мамлакат божхона хизматларининг Кинология йўналишида ҳам фаол ҳамкорлик ўрнатиш бўйича таклифлар билдирилди.

Тадбир якунида, Ўзбекистон божхона хизмати юқорида келтириб ўтилган тадбирларни амалга ошириш учун Корея билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилишга тайёр эканлиги,  шунингдек, Корея Республикаси билан нафақат божхона, балки, сиёсий, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш учун ўз ҳиссасини қўшишга доимо тайёр эканлиги маълум қилинди.

11.06.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг