Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхонада пресс-тур: депутатлар ва журналистлар ДБҚ фаолияти билан яқиндан танишишди
4016
Давлат божхона қўмитаси томонидан Олий мажлис депутатлари, журналистлар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини божхона органларида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига яратилаётган шароитлар, жумладан, божхона постларида тадбиркорлик субъектларига яратилган имконият ва қулайликлар, божхона органларида божхона назоратини амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусан, кинология соҳасида қилинган ислоҳотлар билан яқиндан таништириш мақсадида Давлат божхона қўмитасининг “Арк булоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона постига ҳамда Миллий кинология марказига пресс-тур уюштирилди.
Божхонада пресс-тур: депутатлар ва журналистлар ДБҚ фаолияти билан яқиндан танишишди

Бугунги кунда, рақамли иқтисодиётнинг таркибий қисми бўлган рақамли божхона доирасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали божхона органлари фаолияти шаффофлиги ҳамда самарадорлиги тобора ортиб бормоқда.

Пресс турнинг илк манзили “Арқбулоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона постидан бошланди. Мазкур пост ўзида барча замонавий қулайликларни мужассам этган логистика марказида жойлашган бўлиб, ташқи иқтисодий фаолиятдаги экспорт-импорт операцияларини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиб келмоқда.

Тадбир иштирокчиларига Арқ-булоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости бошлиғи Ғ.Носиров томонидан Божхона омбори ва божхона органлари ўртасида ўзаро ахборот алмашинуви, декларация ва божхона кўриги жараёнлари тўғрисида маълумот берилди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, сўнгги йилларда божхона идоралари тизимга ахборот технологиялари қамровини кескин кўпайтириш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Б.Муратов ўз маърузасида ўтказилган ислоҳотлар натижадорлигига алоҳида тўхталиб ўтди.

Хусусан, Интерактив хизматлар сони 2017 йилда 9 тани, 2020 йилда уларнинг сони 30 тагача етказилиб, 2021 йилда қўшимча 6 тага кўпайтирилади. Ушбу хизматларни жорий қилиш орқали божхонага келиб тушаётган мурожаатлар сонини кескин қисқартиришга эришилмоқда.

Хусусан, божхона органларида 2017 йилга қадар 23 та электрон ахборот тизимлари яратилган бўлса, 2020 йилга келиб уларнинг сони 63 тага етказилди, 2021 йил якунига қадар 14 та янги дастурлар ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

Тадбир иштирокчиларига “Хавфларни бошқариш” ахборот тизими ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, тизим такомиллаштирилиб, автомобиль чегара божхона постларида амалиётга жорий этилди.

Янги дастур орқали “яшил” йўлакда – 2,5%, “сариқ” йўлакда – 91% ва “қизил” йўлакда – 6,5% товарлар расмийлаштирилди.

Аниқланган хавфлар асосида 192 та ҳолатда 6 млрд. сўмдан зиёд товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилиши аниқланди.

Авваллари декларация фақатгина божхона брокерига мурожаат қилиш лозим ва у томонидан тўлдирилмаган бўлса, ахборот тизими декларацияни қабул қилмас эди. Ҳозир эса, йирик ва ўрта бўғиндаги тадбиркорлар ўзларининг штатларидаги ходимларни декларацияни тўлдиришга ўқитиб, ортиқча сарф харажатлар олди олинди.

Илгари декларация ходимлар ўртасида пост бошлиғи томонидан тақсимлаб келинган бўлса, ҳозирда ушбу жараёнлар автоматлаштирилиб, махсус алгоритмлар асосида тақсимлаш йўлга қўйилди. Алгоритмлар ходимнинг иш хажми, илгари ушбу ташкилотни расмийлаштирганлиги тарихини ўрганиши белгиланган.

Илгари декларацияни рўйҳатдан ўтказиш учун хизмат китобларидан фойдаланилган бўлса (ўртача 30-60 дақиқа), ҳозир барчаси автоматлаштирилди (1-2 дақиқа).

Тўловлар илгари пост олдидаги банк кассасига тўлаб келинган бўлса, ҳозирда ушбу кассаларга эҳтиёж йўқ республикамизда мавжуд бўлган барча мобиль иловалар орқали тўловларни тўлаш имконияти яратилди.

Илгари мамлакатимизга кириб келган ҳар бир товар божхона кўригидан ўтказилган бўлса, ҳозир атиги 25-26% ўтказилмоқда. Шунингдек, 2018 йилда 25000 ҳолатда божхона экспертизаси ўтказилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 3100 тани ташкил этди.

Рухсатнома ҳужжатларини олиш учун тадбиркорлик субъекти илгари идорама-идора юрган бўлса, ҳозирда ушбу жараёнлар онлайн “Ягона дарча” ахборот тизими орқали амалга оширилмоқда. Тўғри аризаларни топшириқ ва рақамли кўринишда рухсатномаларни расмийлаштиришга эришилган бўлсада, уларнинг берилиши вақтига катта таъсир ўтказмади. Аммо, юқорида қайд этилганидек ушбу жараёнларни тўлиқ мониторинг қилиш имконияти яратилди.

Куннинг иккинчи ярмида тадбир иштирокчилари Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология марказига ташриф буюришди. Бу ерда уларга марказнинг ўқув хоналари, кутубхона, компьютер синфлари танинштирилиб, фаолиятга доир видеоролик намойиш этилди. Шунингдек, пресс-тур давомида Миллий кинология маркази мутахассислари журналистларни марказ фаолиятига оид сўнгги янгиликлар билан таништирди.

Жорий йилда ташкил этилганлигининг 25 йиллигини нишонлаётган Миллий кинология маркази Ўрта Осиёда ягона муассаса ҳисобланади. Марказ зиммасига Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг кинология хизматларини услубий таъминлаш, малакали кинологларни ва наслдор хизмат итларини тайёрлаш ва қайта тайёргарликдан ўтказиш каби вазифалар юклатилган.

Айтиш керак, ўтган давр мобайнида Миллий кинология маркази нафақат республикамизда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида том маънода кинологлар ва хизмат итларини тайёрловчи таянч ўқув марказига айланди. Марказ фаолияти Бирлашган миллатлар ташкилоти, Жаҳон божхона ташкилоти ва бошқа кўплаб ҳалқаро ташкилотлар томонидан юксак эътироф этилиб, 2008 йилда Жаҳон божхона ташкилоти томонидан минтақавий кинология маркази мақоми берилган.

Ҳозирги кунда марказда 10 та йўналишлар бўйича хизмат итлари тайёрланади. Итлар ўз вазифаларини турли вазиятларда бажара олиши ва иш кўникмасини шакллантириши учун марказда реал шароитга мослашиш учун барча шароитлар мавжуд. Хусусан, дала шароитини тўла-тўкис ўзида акс эттирувчи машқ майдонлари, турли тўсиқлар ҳамда қидирув машқларини ўтказиш учун мосламалар, темир йўл вагони, теплоход, самолёт, контейнерлар, енгил ва юк автоуловлари, автобус, сунъий харобалар, тоғ-тошли рельеф, божхона назоратидан ўтказиш пункти макетлари яратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги  “Давлат божхона органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5414-сон Фармони талабларидан келиб чиққан ҳолда 2018 йил 18 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази фаолиятини янада такомиллаштириш  чора-тадбирлари тўғрисида” Вазирлар Маҳкамасининг 1029-сон қарори қабул қилинди.

Унга кўра давлат божхона хизмати органларида хизмат итларини овқатлантириш ва компенсация тўловларини ажратиш тартибини тасдиқланди.

Шунингдек, қарор доирасида Ўзбекистон Республикасининг резидент ва норезидентларига хизматга яроқсиз бўлган итларни белгиланган тартибда сотиш ҳамда шартнома асосида юридик ва жисмоний шахсларнинг итларини умумий машқ курси ва ҳимоя-қоровул хизмати талабларига мувофиқ тайёрланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005-сон Фармонига асосан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш тўғрисида” 21-сон қарори қабул қилинди.

Қарор билан божхона органларида кинология хизматини такомиллаштириш, марказда наслчилик ишлари самарадорлигини тубдан ошириш, кинологлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, хизмат итларини тайёрлаш ҳамда ушбу йўналишда кадрлар салоҳиятини юксалтириш, шунингдек, мазкур соҳада самарали халқаро ҳамкорликни амалга ошириш бўйича биринчи галдаги устувор вазифаларни назарда тутувчи 2021–2023 йилларда Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш концепцияси ва “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Шу билан бирга, Дегельминтизация, Эктопаразитларга қарши ишлов бериш, Ўлат ва бошқа юқумли касалликларга қарши эмлаш бўйича ҳам махсус тадбирлар олиб борилади.

Пресс тур якунида кинологларнинг хизмат итлари иштирокидаги кўргазмали чиқишлари журналистларда ёрқин таассуротлар қолдирди.

Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари Давлат божхона қўмитасига ташриф буюришди.

Ташриф давомида Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан 2020 йил 5 июлдаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005-сон Фармонга мувофиқ Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси таркибида махсус таркибий тузилма сифатида ташкил қилинган Ситуацион марказ фаолияти билан яқиндан танишилди.

Пресс-тур давомида  божхона органлари фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш самарадорлиги ва истиқболдаги вазифалар тўғрисида батафсил маълумотлар бериб ўтилди. Хусусан, юртбошимизнинг 2020 йил 5 июнь куни имзолаган Фармонлари билан 2020 – 2023 йилларда божхона маъмурчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича Концепция ва уни амалга ошириш “Йўл харитаси”  тасдиқланди.

Фармон билан тасдиқланган Концепциянинг асосий йўналишдари сифатида қуйидаги 7 та йўналиш белгиланган:

  • божхона соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш;
  • божхона органлари фаолияти ва инфраструктура объектларини ривожлантириш;
  • рақамли иқтисодиёт доирасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини божхона соҳасига жорий этиш орқали божхона органлари шаффофлиги ҳамда фаолияти самарадорлигини таъминлаш;
  • божхона органларининг фискал функцияларини амалга оширишни такомиллаштириш, ТИФни тарифли ва нотариф тартибга солишни соддалаштириш;
  • контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш;
  • божхона органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакаси
    ва салоҳиятини янада ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;
  • халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар божхона хизматлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш.

Шунингдек, тадбирда сўз олган мутахассислар 2021 йилда божхона органларида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар ва уларнинг ижобий самари ҳақида тўхталиб ўтишди.

Божхона органларида 2021 йилнинг 5 ойида 4732 та ҳолатлар бўйича  326,3 млрд. сўмлик божхона қонунбузилиши ҳолатлари юритилган бўлиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан (4138 та ҳолат, 113,6 млрд. сўм) ҳолатлар сони 594 тага, ушланган товар моддий бойликлари қиймати бўйича 212,7 млрд сўмга ёки 2,8 баробарга ортган.

Бундан ташқари, тизимда ўрнатилган янги модуллар ёрдамида Давлат бюджетига 229,4 млрд. сўмдан зиёд қўшимча тўловлар ундирилди. Жумладан, божхона қийматини пасайтиришни олдини олиш бўйича – 87,1 млрд сўм; ТИФ ТН кодини ўзгартиришини олдини олиш бўйича – 6,1 млрд сўм, келиб чиқиш сертификати бўйича 6 млрд сўм, имтиёзларни нотўғри фойдаланиш ҳолатлари бўйича 93,1 млрд сўм, бошқа ҳолатлар бўйича 18,8 млрд сўм.

Тадбир якунида иштирокчилар Давлат божхона қўмитасидаги "Божхона тарихи" музейи билан яқиндан танишдилар.

11.06.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг