Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Йўловчи божхона декларациясини тўлдиришда эътибор қаратиш муҳим бўлган жиҳатлар
2811
Маълумки, Давлат божхона қўмитасининг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2021 йил 10 майда 2606-6 сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Йўловчи божхона декларациясини тўлдиришда эътибор қаратиш муҳим бўлган жиҳатлар

Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси, «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 сенятбрдаги ПҚ-3947-сон «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши кураш бўйича идоралараро комиссияни ташкил этиш тўғрисида» қарорига мувофиқ, шунингдек Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг (ФАТФ) тавсияларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш мақсадида қабул қилинган.

Биринчидан, Йўриқнома қуйидаги мазмундаги 21-банд билан тўлдирилди:

«Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ёзма декларацияланиши лозим бўлган жисмоний шахслар томонидан олиб кирилаётган Ўзбекистон Республикасининг нақд валютаси ва (ёки) нақд чет эл валютаси декларациянинг ажралмас қисми ҳисобланадиган иловасини тўлдириш ва божхона органи ходимига тақдим этиш йўли билан божхона назоратидан ўтказилади».

Иккинчидан, аниқлаштирилишича, йўловчилар декларациясини чоп этиб қўлда тўлдирилган ҳолда ёки электрон шаклда тўлдириб чоп этган ҳолда, ўз имзолари билан тасдиқлаб божхона органларига тақдим этиши мумкин. Иккала ҳолатда ҳам декларация йўловчининг имзоси билан тасдиқланади.

Учинчидан, декларация иловаси қандай тартибда тўлдирилиши қайд этилди. Хусусан:

1-бандда шахс тўғрисида маълумотлар (фамилияси, исми, туғилган санаси, паспортининг серияси ва рақами) ҳамда транзит ўтиш мамлакатлари номи кўрсатилади;

2-банд божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган Ўзбекистон Республикасининг нақд валютаси ва (ёки) нақд чет эл валютаси декларацияловчи шахсга тегишли бўлмаган ҳолларда қуйидаги тартибда тўлдирилади:

а) Ўзбекистон Республикасининг нақд валютаси ва (ёки) нақд чет эл валютаси эгаси ҳақида маълумотлар (жисмоний шахснинг фамилияси, исми);

б) жисмоний шахснинг тўлиқ манзили (давлат номи, маъмурий-ҳудудий бирлиги (ҳудуд, вилоят, туман ва х.к.), аҳоли яшаш пункти ва кўча номи, уй ва хонадон рақами);

в) божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган Ўзбекистон Республикасининг нақд валютаси ва (ёки) нақд чет эл валютаси суммаси, номинал қиймати ёки чет эл валютасидаги эквивалент суммаси, валюта номи ва миқдори;

3-бандда тегишли катакларга «Х» белгисини қўйиш йўли билан тўлдирилади ва (ёки) «Бошқалар» қисмида Ўзбекистон Республикасининг нақд валютаси ва (ёки) нақд чет эл валютаси бошқа келиб чиқиш манбаси кўрсатилади;

4-бандда тегишли катакларга »Х» белгисини қўйиш йўли билан тўлдирилади ва (ёки) «Бошқалар» қисмида Ўзбекистон Республикасининг нақд валютаси ва (ёки) нақд чет эл валютасининг қайси мақсадларда фойдаланилиши кўрсатилади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 январдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси нақд валютаси ва нақд чет эл валютасини Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш” қоидаларига мувофиқ, жисмоний шахслар томонидан олиб кирилаётган ва олиб чиқиб кетилаётган 70 000 000 (етмиш миллион) сўм эквивалентидан ортиқ миқдордаги Ўзбекистон Республикасининг нақд валютаси ва (ёки) нақд чет эл валютаси йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва божхона органи ходимига тақдим этиш йўли билан божхона назоратидан ўтказилиши белгиланган.

 

8.06.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг