1959 йил 20 ноябрда «Бола ҳуқуқлари декларацияси», 1989 йил 20 ноябрда «Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция» Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинди ҳамда бу каби муҳим халқаро ҳужжатларнинг қабул қилиниши жаҳоннинг кенг жамоатчилиги томонидан илиқ кутиб олинди.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция – болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳуқуқ нормалари кучига эга биринчи ҳужжат бўлиб, унинг асосий мақсади болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳисобланади.
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни. Бу кун бутун дунё миқёсида, шу жумладан республикамизнинг барча ҳудудларида кенг тарзда нишонланади.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси раҳбарияти ва ходимлари сана муносабати билан Тўрткул тумани ҳокимлиги ва мутасадди идоралар билан биргаликда тумандаги №62-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган ёрдамчи мактабда бўлишди.
Бу ерда таълим-тарбия олаётган болаларни байрам билан самимий табриклаб, уларга сиҳат-саломатлик, ўқишларига ривож, келажакда комил инсонлар бўлиб вояга етишишлари тилакларини билдиришди.
Болалар учун олиб келинган байрам совғалари эса уларга ҳақиқий байрам шукуҳини тақдим этди. Болаларнинг юз-кўзларида акс этган беғубор қувонч уларга қаратилаётган эътибордан хурсандчилик, бахтли болалик онларидан нишона эди.
Байрам болалар иштирокида ташкил этилган концерт дастури билан янада завқли давом этди.
Ўйлаймизки, бу каби эзгу амаллар болажонлар мурғак қалбларини шодликка тўлдириб, уларга бахтли болалик онларини инъом этади.
1.06.2021