Хусусан, давлат органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш жараёнидаги асосий вазифалардан бири ҳам айнан коррупция билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш, унга йўл қўймаслик ҳамда бундай салбий иллатга қарши самарали кураш олиб боришдан иборатдир.
Мазкур йўналишда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги иштирокида Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган вазифаларга мувофиқ, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, қонунчилик, хизмат интизоми, одоб-ахлоқ қоидалари ва ички тартиб қоидаларга риоя этилишини таъминлашга қаратилган семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ташкилотлар қаторида Андижон вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти ҳамда ходимлари ҳам иштирок этишди.
Тадбир аввалида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходими Бекзод Рахмонов республикамизда коррупциянинг олдини олиш ва унга чек қўйиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда келгусидаги вазифалар хусусида сўз юритар экан, ушбу иллатга қарши курашда доимо огоҳ бўлиб, ҳар бир давлат хизматчиси ёки фуқаро ўз ишига виждонан ёндашса, коррупциянинг аянчли оқибатларини тушунса, бу жиноятни камайишига эришиш мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.
Тадбир сўнгида жамиятда коррупцияга қарши муросасиз муҳитни шакллантириш бўйича таклифлар ўртага ташланиб, йиғилиш иштирокчилари ва ОАВ вакилларининг саволларига агентликнинг масъул ходимлари томонидан батафсил тушунтиришлар берилди.
28.05.2021