Сессия кун тартибига вилоятга хорижий сармояларни жалб қилиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш, товарлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва импортни оптималлаштириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этиш, “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг вилоятдаги ижроси, маҳаллий бюджет даромадларининг қўшимча манбаларини шакллантириш каби масалалар киритилди.
Кун тартибидаги 2-масала вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошириш, товарлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва импортни оптималлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан вилоят божхона бошқармаси бошлиғи И.Казаковни ҳисоботи тингланди.
Йиғилишда депутатлар эътиборига Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумат томонидан тадбиркорларга берилаётган кенг имкониятлар натижасида эришилаётган ютуқлар, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган Фармон ва қарорларда содда ва шаффоф божхона тартиб-таомилларини жорий қилишга қаратилган кенг ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Бунинг натижасида сўнгги йилларда божхона соҳасида қабул қилинган муҳим ҳужжатлар, жорий қилинган янги тартиб ва қулайликларнинг барчаси ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларнинг рақобатдошлигини оширишга қаратилаётганлиги таҳлиллар асосида кўрсатиб ўтилди.
Яратилган қулайликлар ва олиб борилган ислоҳотлар натижасида товарлар экспорти бўйича жорий йилнинг январь-апрель ойларида вилоят корхоналари (116 та) томонидан амалга оширилган товарлар экспорти 63,5 млн. АҚШ долларини ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22,3 млн. АҚШ доллари ёки 54 фоизга ошди (2020 й. 41,2 млн. АҚШ доллари).
Ҳудудий корхоналар томонидан экспорт қилинган товарларнинг асосий салмоғи “ип калава” – 43% (27,5 млн. доллар), “мева-сабзавот маҳсулотлари” – 27% (17,1 млн. доллар) ва “тўқимачилик маҳсулотлари” – 18 % (11,4 млн. доллар) ва бошқа товарларга тўғри келади.
Товарлар экспорти 31 та (2020 йилда 26 та) давлатларга амалга оширилиб, асосий салмоғи (47 млн.доллар ёки 74 фоизи) Россия – 23 % (14,4 млн. АҚШ доллари), Қирғизистон – 22 % (14,1 млн. АҚШ доллари), Туркия – 15 % (9,6 млн. АҚШ доллари) ва Хитой – 14 % (8,9 млн. АҚШ доллари) давлатлари ҳиссасига тўғри келади.
Шунингдек, жорий йилнинг январь-апрель ойларида вилоятга товарлар импорти 121,9 млн. долларни (412 та импортёр ташкилот) ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 42 млн. доллар ёки 52,6 фоизга ошди (2020 й. 79,9 млн. АҚШ доллари).
Жорий йилнинг 30 апрель куни Давлатимиз раҳбари ҳузурида маҳаллий саноатни ва корхоналар ўртасида кооперацияни ривожлантириш масалалари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган йиғилишда божхона органларига юклатилган вазифаларни ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда амалга оширилаётган товарлар импорти ҳар бир туман ва йирик корхона ҳамда ташкилотлар кесимида таҳлил қилиниб, асосий эътиборни импорт ҳажмини асосли оптималлаштириш мумкин бўлган товарларга қаратиш кераклиги бўйича таҳлилий маълумот ва таклифлар тайёрланиб, вилоят ҳокимлигига тақдим қилиб борилмоқда.
Сессия якунида вилоят экспорт салоҳиятини ошириш, импортни оптималлаштириш ва товарларни маҳаллий ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш бўйича вилоят божхона бошқармаси томонидан берилган таклифлар депутатлар томонидан кенг муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилинди.
28.05.2021