Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Контрафакт маҳсулотлардан эҳтиёт бўлинг!
3167
Контрафакция, яъни бошқанинг қонуний брендидан фойдаланган ҳолда маҳсулотлар ишлаб чиқариш тобора кучайиб бораётгани инсоният учун жиддий хавф туғдирмоқда. У – жаҳон ҳамжамияти томонидан энг сердаромад ҳисобланган ўнта трансмиллий жиноятлардан биридир.
Контрафакт маҳсулотлардан эҳтиёт бўлинг!

Контрафакт маҳсулот ишлаб чиқариш бир қарашда оддий иқтисодий ҳуқуқбузарликдек кўринса-да, уларнинг истеъмоли инсонлар соғлиғи ва ҳаётига, шу билан бирга, давлат ва жамият тинчлиги, фаровонлигига ҳам хавф солмоқда. Бундан иқтисоди ривожланаётган,  ривожланган давлатлар ҳам азият чекмоқда.

Контрафакт маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва реализация қилиниши, умумий қилиб айтганда, ҳам ишлаб чиқарувчига (интеллектуал мулк эгасига), ҳам истеъмолчига зарар етказади. Масалан, “Россия Федерацияси бозорида контрафакт маҳсулотлар улуши 15-17 фоизни ташкил этиб, йиллик зарар 3 млрд. АҚШ долларига тенг келмоқда”(Тарас Фомченков, Российская
газета – Федеральный выпуск №5907 (234), «Каждыйшестой – контрафакт», http://rg.ru).

Ўтказилаётган тадқиқотлар контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва унинг зарари йилдан-йилга ўсиб бораётганини кўрсатмоқда. Жумладан, “Халқаро савдо палатаси томонидан асос солинган “BASCAP”, яъни “Бизнес контрафакция ва қароқчиликка қарши” консорциумида ижтимоий муаммоларни ҳал этиш ва халқаро савдога контрафакт маҳсулотлар туфайли етказилаётган йиллик зарар 775 млрд. АҚШ долларини ташкил этаётгани таъкидланган”.

Япония патент идораси ҳам япон тадбиркорлари фаолиятига контрафакция туфайли етказилаётган зарар юзасидан ҳар йили тадқиқот ўтказиб келади. “Мониторинг натижасида аниқланишича, 2014 йили компанияларнинг контрафакциядан кўрган зиёни 22 фоизни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2013 йили 21,8 фоиз бўлган. Шунингдек, анна шундай компанияларнинг 60,5 фоизи интернет орқали контрафакт маҳсулотлар муомаласидан зарар кўрган. Бу кўрсаткичлар контрафакция билан боғлиқ зарар кўламини яққол намоён қилмоқда”(Japan Patent OfficeFY2014Survey Report on LossesCaused by Counterfeiting has beenCompiled http://www.meti.go.jp).

Кўплаб давлатларда ваколатли давлат органлари томонидан контрафакт маҳсулотлар аниқланиши орқали ҳуқуқбузарликлар содир этилишини, инсонлар алданиб қолиши ёки бахтсиз ҳодисалар юзага келишини олдини  олиш билан боғлиқ чора-тадбирлар мунтазам амалга оширилиб келинаётганлигига қарамай, айрим давлатлар борки, дунёда контрафакт маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. Хитой, Малайзия ва Тайланд давлатлари шулар жумласидандир.

Айтиш лозимки, дори-дармон, озиқ-овқат, парфюмерия, болалар ўйинчоқлари, шунингдек, эҳтиёт қисмларнинг нусхаларини тайёрлаш, тайёрлаганда ҳам хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган, истеъмол учун зарарли бўлган нусхаларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш табиийки ҳалокатларга сабаб бўлиши мумкин.

Масалан, ҳозирги кунларда брендли маҳсулотлар кўпроқ контрафакция қилинмоқда. Дарҳақиқат, биргина қалбаки сумкани кўтариб юришнинг зарари унча билинмасада, лекин контрафакт дори инсон учун жуда хавфлидир. Масалан, халқаро миқёсда безгак касаллигига чалинган 200 минг бемор жиноятчилар тарқатган сохта дори-дармонлар сабабли ўлиб кетмоқда.

Африканинг Камерунга ўхшаган мамлакатларида безгакка қарши дориларнинг 70 фоизи контрафакт ҳисобланади, МДҲ мамлакатлари ҳудудида эса дори-дармонларнинг10-20 фоизи сохта.

Энг асосийси, контрафакт маҳсулотлар чегара билмайди. “2004 йили Европада 800 минг қутига яқин дори-дармон ушлаб қолинган бўлса, 2006 йилнинг мартида Франция божхоначилари томонидан бита ҳолатда 360 минг дона сохта “Виагра” вафлилари олиб қўйилган»(«Counterfeiting medicine: a fatal trade!»https://destinationsante.com).

Юқорида таъкидлаганимиздек, инсон соғлиғи учун хавфли саналган контрафакт маҳсулотлар орасида парфюмерия моллари етакчи ўрин тутади. Айниқса, ҳозир интернет орқали савдо қилиш йўлга қўйилгани бундай маҳсулотларнинг дунё бўйлаб арзон нархларда сотилишига сабаб бўлмоқда. Сотиб олаётган одам фақат унинг бренди ва нархи ҳақида қайғуради, ўзи истаган  маҳсулот бўлмаслиги, соғлиғи учун зарарли бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. АҚШ ФҚБ маълумотларига кўра “контрафакт атирлар таркибида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги томонидан ракчақирувчи сифатида рўйхатга олинган DEHP (диэтилгексил-фталат) элементи борлиги аниқланган”(Counterfeit Cosmetics, Fragrances Hazardous to Your Health, ttps://www.fbi.gov/news/stories/2014/january).

Республикамизда ҳуқуқбузарлик юзасидан ашёвий далил сифатида олиб қўйилган асарларнинг ватурдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхалари, шунингдек, контрафакт асарлар ва турдош ҳуқуқлар объектларини тайёрлаш ва такрорлаш учун фойдаланиладиган асбоб-ускуналар Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” 2009 йил
15 июлдаги 200-сон қарори билан тасдиқланган низом асосида мажбурий тарзда йўқ қилиниши, улар ҳуқуқ эгасининг илтимоси бўйича унга берилган ҳоллар бундан мустасно экани белгиланган. Шу билан бирга, мазкур низомда мажбурий тарзда йўқ қилинадиган маҳсулотлар қаторига айрим истеъмол маҳсулотлари турлари, жумладан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари,
дори-дармон ва тиббий буюмлар, озиқ-овқат қўшимчалари кабилар киритилган. Бу эса чет эл товарларининг контрафакция қилинганини аниқлаш мушкул бўлгани учун ҳам айни муддаодир.

Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан шундай хулосага келиш мумкинки, ҳар биримиз истеъмолчи сифатида арзон ва сифатсиз буюмларга учмаслигимиз, тўғрироғи, контрафакт маҳсулотлардан эҳтиёт бўлмоғимиз лозим. Чунки бундай маҳсулотлар маълум маънода чўнтагимизга фойда келтирсада, соғлиғимизга зиён етказиши турган гап.

А.Ўринбоев
Андижон вилояти божхона бошқармаси
бош инспектори, божхона хизмати подполковниги

27.05.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг