Куни кеча Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ташаббуси билан “Ёшлар – бизнинг келажагимиз” шиори остида мактаб ўқувчиларини “Самарқанд” ташқи иқтисодий фаолият божхона постига саёҳати ташкил этилди.
Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда тадбиркорлик субъектларига янада қулайлик яратиш мақсадида жорий йилнинг 26 январь куни 1867 кв. метр ҳудудга тенг, 1125 тонна миқдордаги товарларни сақлаш учун мўлжалланган, омборлари мавжуд “Самарқанд” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости янги маъмурий бинода иш бошлаган эди.
Ташриф давомида Жомбой туманидаги 23-умумий ўрта мактабнинг битирувчи ёшларига пост бош инспектори Ғ.Мавлонов томонидан божхона органлари фаолияти тўғрисида батафсил тушунчалар берилди.
Ўқувчиларга божхоначилар омборида сақланаётган товарлар, божхона кўригини амалга ошириш тартиби, божхона назоратини амалга оширишда техник воситаларидан фойдаланиш, кичик-инспектор кинологларнинг хизмати ити ёрдамида божхона кўригини амалга ошириш жараёнлари билан таништириб боришди.
Айниқса, хизмат итларининг маҳорати ёшларда катта таассурот қолдирди. Ҳатто айрим ёшлар кинология соҳасига қизиб ҳам қолишди.
Шундан сўнг саёҳатчи ёшларга Божхона институти ҳақида тайёрланган видео лавҳа намойиш этилди.
Соҳага меҳри тушган ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволлари билан мутахассисларга мурожаат қилишди. Божхоначиларнинг фаолияти билан танишган ўқувчи-ёшлар ўз таассуротларини яшириб ўтиришмади.
Жумладан, 11-синф ўқувчиси, Баҳодир Абдуҳамидов шундай деди:
- Ажойиб саёҳат бўлди. Божхоначиларнинг фаолиятини кузатиб шу касбга меҳрим уйғонди. Мазкур божхона пости биносида хизмат қилиш учун барча шароитлар яратилган экан. Божхона омборларида сақланаётган товарларни ҳам кўрдик. Божхона институти фаолияти билан ҳам танишдик. Келажакда мен ҳам Божхона институтига ўқишга киришни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.
Ҳа, минг марта эшитгандан бир марта кўрган яхши. Бугунги саёҳат ўқувчи-ёшларнинг бир умр хотираларида сақланиб қолади. Вақт ўтиши билан улар орасидан фидойи, ватанпарвар божхоначилар етишиб чиқиши бор гап. Чунки ушбу саёҳат орқали ёшларимиз ҳаёт йўллари давомида ўзларига касб танлаш имконига ҳам эга бўлишди.
27.05.2021