Божхона органлари томонидан ҳам аёл тадбиркорларни ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш ва уларга амалий ёрдам бериш мақсадида мунтазам равишда турли хил тадбирлар ташкил қилиб келинмоқда.
Жумладан, Наманган вилояти божхона бошқармасида ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланаётган ва шуғулланиш истагида бўлган тадбиркор аёллар иштирокида “Божхона ва солиқ имтиёзлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Учрашувда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, божхона соҳасида мавжуд қулайликлар, божхона тўловларидан имтиёзларни назарда тутувчи, экспортни рағбатлантирувчи, шунингдек тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва уни ҳимоя қилишга доир қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар мазмун моҳияти бўйича тушунтиришлар берилди.
Шу билан бирга, тадбир давомида тадбиркор аёлларнинг фаолиятини янада ривожлантириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалари тингланди.
Бу каби тадбирларни ўтказишдан асосий мақсад мамлакатимизда хотин-қизларнинг тадбиркорлик салоҳиятини янада юксалтириш, оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашдан иборатдир.
27.05.2021