Хусусан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан товар ва транспорт воситаларини ТИФ ТН код рақамини нотўғри таснифлаш орқали божхона тўловларини тўлашдан қочиш ҳолатларини аниқлаш юзасидан тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, бўлим ходимлари томонидан “Арк-булоқ” ТИФ божхона постига хориждан келтирилган, “мини қулфлар” товарлари божхона кўригидан ўтказилганда, мазкур товарларнинг ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси кодлари нотўғри таснифланганлиги аниқланди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур товарларга 202 млн. 400 минг сўм божхона тўловлари ҳисобланди.
Бошқа бир ҳолатда эса, “Тошкент-товар” ТИФ божхона постида божхона расмийлаштируви учун тақдим этилган чет элда ишлаб чиқарилган, оғирлиги 6,8 тонна бўлган, 628 рулон оқланиб елим билан қопланган мато товарини “крахмалланган” текстиль матоси (тарлатан) сифатида нотўғри ТИФ ТН коди билан таснифланганлик ҳолати аниқланган.
Натижада, мазкур товарларга нисбатан 13,3 млн. сўм миқдорида қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
26.05.2021