Мазкур йўналишда божхона соҳасида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилиб, кераксиз ва самарасиз назорат шаклларидан воз кечилди, шунингдек, тақдим этилиши назарда тутилган рухсат бериш тартиблари ёки расмийлаштирувда талаб этиладиган ортиқча ҳужжатлар ҳамда айрим тартиботлар бекор қилинди.
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси томонидан тадбиркорлар фаолияти доимий равишда қўллаб қувватланмоқда.
2021 йилнинг январь-апрель ойларида амалга оширилган ишларга назар ташласак, ҳисобот даврида бошқарма масъулларининг саъйи-ҳаракати билан 205,4 млн. АҚШ доллари қийматидган товар ва транспорт воситалари экспорт-импортга расмийлаштирилди.
Шу ўринда маҳсулотлар экспортида ҳам ижобий натижаларга эришилганини алоҳида қайд этиш жоиз.
Ҳисобот даврида вилоятимиз ҳудудидан 64,7 миллион АҚШ долларилик маҳсулотлар экспортга расмийлаштирилган. Экспорт маҳсулотлардан калава ип (27,9 млн. $), минерал ўғитлар (13,5 млн. $), табиий қазилмалар (12,5 млн. $), пласмасса ва ундан тайёрланган буюмлар (5,7 млн. $) ва тўқимачилик маҳсулотлари (2,4 млн. $) улуши юқорилиги таъминланди.
Экспорт маҳсулотлари Туркия (18,8 млн. $), Афғонистон Ислом Республикаси (6,6 млн. $), Хитой Халқ Республикаси (5,6 млн. $), Эрон Ислом Республикаси (5,6 млн. $), Россия Федерацияси (5,3 млн. $), Украина (4,1 млн. $) ва Тожикистон Республикаси (3,8 млн. $) ҳиссасига тўғри келган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, экспорт ва импорт операциялари автоматлаштирилган ахборот дастурлари асосида амалга оширилаётганлиги, божхона юк декларациялари автоматик рўйхатга олиниши ва автоматик тақсимланиши расмийлаштирув билан боғлиқ жараёнларни илгаригидек
2-3 соатда эмас, аксинча 10-15 дақиқада бажарилишига эришилмоқда.
Мисол учун, ҳисобот даврида божхона расмийлаштирувидан ўтказилган 205,4 миллион АҚШ долларлик товарлар учун ташқи иқтисодий фаолият субъектлари томонидан тақдим этилган 4920 та божхона юк декларациялари масофадан туриб, электрон шаклда божхона расмийлаштирувидан ўтказиб берилди.
Божхона юк декларацияларининг 4504 таси импорт ва 2416 таси экспорт божхона режимларига расмийлаштирувдан ўтказилган.
2021 йилнинг 4 ойида импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 505,2 млрд. сўмлик божхона тўловлари ҳисобланди.
Шундан тадбиркорларга қулайлик яратиш ва давлат аҳимиятидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона тўловларидан 389 млрд. сўмлик имтиёзлар қўлланилди, 116,2 млрд. сўмлик божхона тўловлари давлат бюджетига ундирилди.
2021 йилнинг 4 ойида 1698 партиядаги юклар божхона кўригидан ўтказилди.
Тадбиркорларни хавф даражасига қараб тоифаларга ажратилиши йўлга қўйилганлиги натижада, кўрик сони 1,4 баробарга камайиб, самарадорлиги 1,5 баробарга ошди, расмийлаштирув вақти экспортда 1,7 баробарга, импортда 1,4 баробарга қисқаришига эришилди.
Мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва қулай ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини жадал ривожлантириш, шунингдек, унинг самарадорлигини ошириш мақсадида божхона, солиқ ва бошқа тўловлар бўйича қўшимча имтиёз ҳамда преференциялар тақдим этилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида ташқи иқтисодий фаолият субъектлари томонидан амалга оширилган импорт учун божхона тўловлари бўйича 389 млрд. сўм миқдорида божхона имтиёзлари қўллангани фикримизни тасдиқлайди.
Мазкур имтиёзлар асосан инвестицион лойиҳалар, маҳаллийлаштириш дастури, маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқаришни модернизациялаш, қайта таъмирлаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашга қаратилган дастурлар доирасида, республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларга нисбатан қўлланилмоқда.
Бугунги кунда божхонада яратилган қулайликлар ташқи иқтисодий фаолият субъектларига қўл келмоқда. Маблағ ва қимматли вақтлари тежалаяпти.
Яна бир жиҳати божхонада яратилган қулайликлар тадбиркорларга доимий равишда тушунтирилиб, қулайликлардан ўз вақтида ва самарали фойдаланишлари бўйича амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Бу каби чораларнинг амалга оширилиши, мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.
Қашқадарё вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
22.05.2021