Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Самарқандда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган
2549
Ўзбекистон замини қадимдан Буюк ипак йўли чорраҳасидаги улкан салоҳиятга, табиий, тарихий ва маданий бойликларга, гўзал анъана ва урф-одатларга эга ҳудуд сифатида бутун дунё эътибори ва эътирофига сазовор бўлган. Бугунги кунда мамлакатимиз нафақат сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий соҳаларда, балки туризмда ҳам янги ривожланиш босқичига қадам қўйди.
Самарқандда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида туризмни жадал ривожлантириш учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратишга туртки бўлди.

Шу билан бирга мазкур қарор ҳудудларнинг улкан туризм салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш, туризм тармоғини бошқаришни тубдан такомиллаштириш, миллий туризм маҳсулотларини яратиш ва уларни жаҳон бозорида кенг тарғиб этиш, туризм соҳасида Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини шакллантириш, соҳага инвестицияларни фаол жалб қилиш, инновацион ғоя ва технологияларни жорий этиш, мамлакатнинг маданий-тарихий мероси ва табиий бойликлари тарғиботини янги босқичга кўтариш, юртимизга келаётган туристлар оқимини кўпайтиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Авлиёлар замини бўлмиш қадим Самарқанд ҳамиша ўзининг тарихий обидалари билан кўплаб сайёҳларни ўзига ром этиб келган. Ана шу ташриф буюраётган туристларга янада шарт-шароитлар яратиш, сервис хизматларини яхшилаш мақсадида Ҳукуматимиз 2017-2019 йилларда Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш тадбирлари Дастурини ишлаб чиқди.

Дастурга кўра, Самарқанд шаҳри ҳудудида хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда замонавий меҳмонхоналар, коттежлар, кўнгилочар ва савдо марказлари, шунингдек амфитеатр, турли миллатлар таомларини тайёрлайдиган ресторанлар, кафелар, боулинг марказлари, караоке-бар, сувенир дўконлари ва бошқа туризм инфратузилмаларини ўз ичига оладиган "Samarkand сity" туризм ҳудуди яратилади.

Туризм инфратузилмаси объектларида банкомат ва терминаллар ўрнатган ҳолда махсус эсдалик совғалари шохобчалари шаҳар кўчалари бўйлаб тақсимланади, бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғидан фойдаланишга кенг имконият яратган ҳолда туристлар гавжум жойларда Wi-Fi ҳудудлари ташкил этилади.

Вилоятнинг қатор туманларидаги зиёратгоҳ, мажмуа ва археологик ёдгорликлар реставрация қилинади ва ободонлаштирилади.

Самарқанд шаҳрида миллий либослар намойиш қилинадиган “Эл мероси” театри қурилади.

Дастурда Самарқанд тумани ҳудудида туризм тоифасидаги автобуслар учун тўхташ жойи ва гараж, техник хизмат кўрсатиш устахонаси ҳамда ҳайдовчиларни жойлаштириш учун меҳмонхона ҳамда ошхона қуриш кўзда тутилган.

Самарқанд шаҳрига авиарейслар ва тезюрар “Афросиёб” электропоезди қатновлари сони кўпайтирилади, шаҳарнинг тарихий ҳудудида сайёҳларга хизмат кўрсатувчи ихтисослаштирилган ташкилот ташкил этилади, туристик намойиш объектларига олиб борадиган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш йўли билан транспорт хизмати яхшиланади.

Дастурга киритилган тадбирларни биргаликда молиялаштириш мақсадида хорижий инвестициялар, донор мамлакатларнинг, халқаро молия институтларининг кредитлари ва грантлари жалб этилади.

“Samarkand city” туризм зонаси ва эшкак эшиш канали ҳудудидаги спорт-соғломлаштириш ва туристик-рекреацион ҳудудида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари, шунингдек инвестиция компаниялари ер, даромад, юридик шахсларнинг мол-мулк, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўловлари, Республика йўл жамғармаси ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий тўловлардан 2020 йил 1 январгача озод қилинади.

Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш мақсадида соҳада малакали кадрларни етиштириш ниҳоятда зарурдир. 

Жорий йилда Президентимиз ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” туризм халқаро университетини ташкил этилди. Олийгоҳда 125 талаба таҳсил олмоқда. Етишиб чиққан малакали кадрлар юртимизда туризмни ривожлантиришга катта ҳисса қўшишади.

Бугунги кунда вилоятда жами 123 та меҳмонхона мавжуд бўлиб, улар бир вақтнинг ўзида 4616 та меҳмонга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Шундан 12 таси 4 юлдузли, 16 таси 3 юлдузли, 92 таси B&B тоифали меҳмонхоналардир. 18 та туристик фирмаларда 98 та туристик транспорт воситалари мавжуд.

Шунингдек, 129 та туроператорлар фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда.Уларда туристларга хизмат кўрсатувчи 118 та гидлар, 62 та экскурсовод, 18 та туристик транспорт фирмалари, 1217 та ҳунармандлар, 3 фольклор ансамбллари мавжуд.

Жорий йилнинг 28 сентябр ҳолатига кўра, Самарқанд вилоятига 1 млн. 560 мингга яқин маҳаллий ва 239 мингдан ортиқ хорижий сайёҳлар ташриф буюрган.

Хорижий сайёҳлар географияси таҳлил қилинганда асосан Жанубий Корея (9,4 минг), Япония (8,3), Франция (6,3), Германия (5,5), Италия (5,4), Испания (4,5), Туркия (3,9), Малайзия (1,6), Индонезия (1,7), Сингапур (1,4), АҚШ (1,5), Исроил (1,2), Африка (1,1), Астралия (0,8), Канада (1,0), Бразилия (0,8), Россия Федерацияси ва МДҲ давлатлари (76,3), Марказий Осиё давлатларига (49,6) тўғри келади.

Вилоятдаги туристик фирмалар дунёнинг турли мамлакатлари ва йирик шаҳарларида (Лондон, Берлин, Мадрид, Милан, Токио, Шанхай, Сеул, Москва) ташкил этилаётган туризм ярмаркаларида, Испаниянинг Мадрид шаҳрида бўлиб ўтган “FITUR-2017”, Германиянинг Берлин шаҳрида бўлиб ўтган “IТВ Berlin 2017”, Москва шаҳрида ўтказилган “MITT-2018”, Сеул шаҳрида ўтказилган “KOTFA” сайёҳлик кўргазмаларида 30 га яқин сайёҳлик компаниялари иштирок этиб, 2017-2018 йилларда чет эллик сайёҳларни жалб қилиш бўйича 100 дан ортиқ шартномалар тузилган.

Ўтган йили июль-август ойларида автомобил сайёҳларининг бошланғич гуруҳи “ўз йўллари” билан биргаликда умумий узунлиги 11000 км бўлган иккинчи автоулов митингини ўтказди. Бу эса 2015 йилда Россия ва Мўғулистон ҳудудида “ўз йўлидан” ўтган ҳолда фарқли ўлароқ амалга оширилди.

Бу митинг Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудларида ўтказилди.

Mитингни асосий мақсади автомобил туризмини оммалаштириш, биродар халқларнинг маданияти, тарихи ва бугунги ҳаёти билан таниши ҳамда оддий одамлар даражасида ҳалол муносабатларни сақлаб қолишдир.

Митинг иштирокчилари йўл харитаси бўйлаб ҳаракатланиб, мамлакатимиз ҳудудида ҳам бўлишди. Меҳмонлар божхона чегараси орқали юқорида даражада кутиб олиниб, уларга катта эътибор қаратилди.

Божхоначилар меҳмонларни автотранспорт воситаларини зудлик билан рўйхатга олишиб, сифатли божхона назоратини амалга оширишди.

Хизматлардан мамнун бўлган меҳмонлар манзилларига етишгач Давлат божхона қўмитасига хат орқали ўз миннатдорчилигини билдириб ўтишган.

Ўзбек халқи азалдан меҳмондўст халқ. Юртимизга ташриф буюрадиган ҳар қандай меҳмонларни божхона ходимлари ҳам юқори савияда кутиб олишади ва белгиланган тартибда беминнат хизмат кўрсатишади.

 

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

 

12.10.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг