Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қашқадарёда чиқиндидан полиэтилен қоплар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди
1399
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси мутасаддилари тадбиркорлик субъектларига доимий равишда кўмак кўрсатиб келмоқда.
Қашқадарёда чиқиндидан полиэтилен қоплар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

Хусусан, четдан импорт асосида олиб келинаётган технологик ускуна ва эҳтиёт қисмлар бошқарманинг барча ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан қисқа дақиқаларда импорт божхона режимларига расмийлаштириб берилмоқда.

Асосийси, соҳа масъуллари ушбу ускуна ва жиҳозларнинг тўла қувват билан ишга тушурилишигача бўлган босқичларда ҳам тадбиркорга камарбаста бўлмоқда.

Қарши шаҳрида фаолиятини бошлаган “Ком-автотех” масъулияти чекланган жамияти ўтган йили Хитой Халқ Республикасидан қиймати 24 минг АҚШ долларилик бўлган полиэтилен қоп ишлаб чиқарадиган ускуналарни импорт асосида олиб келган эди. Ускуналар бошқарманинг “Қарши тола” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости томонидан тезкорлик билан ва божхона тўловларидан 36 миллион 500 минг сўмлик божхона имтиёзлари қўлланилган ҳолда божхона расмийлаштирувидан ўтказиб берилган.

 - Юртимизда ишбилармон тадбиркорларга барча енгилликлар яратилган дейди, “Ком-автотех” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ўткир Аминов. - Корхонамиз юраги ҳисобланган ушбу ускуналар ёрдамида суткасига 20 минг дона полиэтилен қоплар ишлаб чиқармоқдамиз. Корхонамизда яқин атрофда истиқомат қилувчи 20 нафар аёллар меҳнат қилмоқда. Маҳсулотларимизга талаб юқори. Биржа ва тўғридан-тўғри шартномалар асосида ички бозорга сотмоқдамиз.

Қувонарлиси, тадбиркоримиз яқин кунларда Китоб туманида худди шундай яна бир корхонани ишга тушириш арафасида турибди. Бу лойиҳа тўла қувватда ишга туширилса, суткасига 40 минг дона полиэтилен қоплар ишлаб чиқарилади. Қўшимча янги иш ўринлари яратилади.

Яна бир жиҳати, маҳсулотларни ишлаб чиқаришда ўзимизнинг хом ашёлардан фойдаланилмоқда. Маҳсулот тан нархини камайтириш мақсадида, чиқиндилардан ҳам фойдаланиш йўлга қўйилган.

Божхона ходимлари ўзларига юклатилган вазифаларни ўз вақтида бажармоқда. Тадбиркорларга яқиндан амалий ёрдам кўрсатмоқда. Амалга оширилаётган бу каби чоралар юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларни қўллаб-қувватланишига, янги иш ўринларини яратилишига ва аҳоли даромадларини ошишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

20.05.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг