Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тошга “айланган” товарлар
1388
Сурхондарёда товарларни республикамиз ҳудудига ноқонуний равишда олиб кириш ва шу орқали божхона тўловларидан бўйин товлаш мақсадида содир этилган навбатдаги қинғирликка чек қўйилди.
Тошга “айланган” товарлар

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ҳамда “Сариосиё” чегара божхона пости ходимлари билан хамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда республикамиз ҳудудидан транзит равишда ҳаракатланаётган юк автотранспорт воситаси белгиланган тартибда кўздан кечирилди.

Бир қарашда юк автотранспорт воситасида шубҳали жиҳатлар кўзга ташланмайди, божхона пломбалари ҳам жойида. Аммо, негадир мазкур транспорт воситасининг республикамизга кириб келишида ўлчанган оғирлик маълумотлари, идентификацион кўрик мажмуаси орқали олинган сканер тасвирлари билан чиқиб кетишдаги оғирлик маълумотлари, сканер тасвирлари ўртасида жиддий тафовут кўзга ташланади. Содда қилиб айтганда, автотранспорт воситасидаги юклар 1 тоннага “озиб” қолган эди.

Шундан сўнг юклар белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, божхона ходимларининг кўзини шамғалат қилишга қаратилган “айёрлик” фош бўлади. Қаранг-ки, тиркамадаги юклар божхона пломбасини бузмаган ҳолатда муқаддам тушириб қолдирилган бўлиб, уларнинг ўрнига ичи оғир тош ва бетон бўлаклари билан тўлдирилган қоплар жойлангани аниқланди.

Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, ҳайдовчининг Қумқўрғон туманида истиқомат қилувчи турмуш ўртоғининг хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, аслида республикамиздан транзит тарзида олиб ўтилиши керак бўлган товарлар ушбу ҳонадонга тушириб қолдирилгани маълум бўлди.

Содда қилиб айтганда, транзит тартибида расмийлаштирилиб республикамиз ҳудудидан олиб ўтилаётган товар ва транспорт воситалари учун божхона тўлови ундирилмаслигини яхши билган ҳайдовчи айни шу нормани суитеъмол қилишга уринган экан.

Шундай қилиб, божхона ходимлари мазкур ҳолатда 560 турдаги, қиймати 166 млн. 740 минг сўмлик товарларнинг ноқонуний равишда олиб кирилишига чек қўйишди.

Ҳозирда ушбу товарлар ашёвий далил тариқасида вақтинча сақловга олиниб, ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

18.05.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг