Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона фахрийлари “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланишди
1585
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14 июлдаги “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги ПҚ-3133-сон қарорига биноан мамлакатимизнинг иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳаларида кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги юртдошларимизни, шунингдек, ишламасдан, ҳаётини оилалар мустаҳкамлигини сақлаш, фарзандларимизни жамият олдида масъулият, миллий ва умуминсоний қадриятларга, катталарга ва ёш авлод вакилларига ҳурмат, она-Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига бағишлаб, жамиятимизда ҳурмат қозонган оналарни муносиб тақдирлаш мақсадида “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони таъсис этилган эди.
Божхона фахрийлари “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланишди

Яқинда «Нуроний» жамғармаси Васийлик кенгашининг қарори билан бир гуруҳ юртдошларимиз ушбу нишон билан тақдирланишди. Улар сафида божхона органларида узоқ йиллар ватанпарварлик ва садоқат намунасини кўрсатиб хизмат қилган 3 нафар божхона фахрийлари ҳам бор.

Улардан бири I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган Тамара Завалина ҳам 35 йиллик меҳнат фаолиятининг 24 йилини айнан божхона органларида хизматда ўтади.

1970 йилда Тошкент шаҳридаги 8-сонли мактабда иқтисодчи сифатида иш бошлаган Т.Завалина Давлат божхона қўмитаси тизимида масъулиятли лавозимларда сидқидилдан фидокорона хизмат қилди, мамлакатимизнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя этишда муносиб ҳисса қўшган.

Ҳозирда Ўзбекистон божхона хизмати Фахрийлари уюшмасининг фаол аъзоларида бири сифатида Т.Завалина ёшлар билан ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларнинг доимий иштирокчиси ҳисобланади.

Божхона органларида 19 йил хизмат қилган, божхона хизмати подполковниги Шуҳрат Каримов II даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Табаррук 75 ёшни қаршилаган Шухрат Каримов ўз меҳнат фаолиятини 1969 йилда Маданият вазирлигида бошлаб, вазирликда сектор мудири лавозимигача бўлган меҳнат йўлини босиб ўтган. 1983 йилдан 2002 йилгача Давлат божхона қўмитасида турли лавозимларда, хусусан бўлим бошлиғи лавозимида хизмат қилди.

Ш.Каримов республика ҳуқуқ тартибот органлари Фахрийлар кенгашлари ҳамда божхона тизими ходимлари орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган бўлиб, 2005 йилдан ҳозирга қадар Ўзбекистон божхона хизмати Фахрийлар уюшмаси бошқаруви маъсул котиби лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

III даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган Садритдин Джалилов эса ўз фаолиятини 1970 йилдан Тошкент Давлат университетида бошлаган.

1979-1998 йилларда ички ишлар органлари тизимида, 1998 йилдан 2005 йилгача Давлат божхона қўмитасида бошқарма бошлиғи лавозимида хизмат қилган.

Ҳозирда С.Джалилов мураббийлар ва фахрийлар иштирокида божхона ходимлари билан ўтказиладиган тарбиявий, маънавий-маърифий йўналишдаги мулоқот ва суҳбатларни ташкиллаштирувчи  фаоллардан бири саналади.

Фурсатдан фойдаланиб, божхона фахрийларини ушбу эътироф ва мукофотлар билан қизғин муборакбод этамиз!

Сиздаги меҳнатсеварлик, шижоат ва метин ирода божхона соҳасида хизмат қилаётган ёш ходимлар учун ибрат ва намуна бўлиб хизмат қилади.

14.05.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг