Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистонда “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисида”ги халқаро Конвенцияси қоидалари 16 майдан кучга киради
3259
Жаҳон божхона ташкилотининг интернет тармоғидаги www.wcoomd.org сайтида Ўзбекистон Республикаси “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенцияни ратификация қилган 127 давлат сифатида эътироф этилиб, ушбу конвенция қоидалари мамлакатимизда 2021 йил 16 май кунидан қўлланилиши қайд этилган.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 21 декабрдаги ЎРҚ-654-сон Қонунига мувофиқ республикамиз мазкур халқаро ҳужжатга қўшилган.

Мазкур конвенция Жаҳон божхона ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, 2006 йил 3 февралда янги таҳрирда кучга кирган.

Мазкур ташкилотга аъзо 183 та давлатдан 127 таси, шу жумладан 8 та ҳамдўстлик мамлакатлари (Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Украина) конвенцияга аъзо бўлган.

Таъкидлаш ўринлики, халқаро савдода Киото Конвенцияси савдони соддалаштириш воситаси сифатида юқори баҳоланади. Конвенциянинг асосий мақсади – ахборот технологиялари ва хавфларни бошқариш тизимларини қўллаш, чегарада назорат қилувчи бошқа давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш асосида божхона тартиботларини бир хиллаштириш ва соддалаштиришга қаратилган.

Мазкур халқаро ҳужжат таркибан Асосий қисм, Бош ва Махсус иловалардан иборат. Конвенцияга қўшилмоқчи бўлган аҳдлашувчи давлатлар унинг Асосий қисми ва Бош иловасини қабул қилишлари шарт. Махсус иловаларни қабул қилиш аҳдлашувчи томон учун мажбурий ҳисобланмайди.

Ўз навбатида, юқоридаги Қонунга асосан Ўзбекистон Республикаси Конвенциянинг “Е” Махсус иловаси (Транзит) 3-бобидан (Товарларни каботаж ташиш) ташқари Конвенциянинг барча иловалари ва бобларини қабул қилди.

Халқаро Конвенциянинг мажбурият юкловчи қоидалари стандартлар, ўтиш даври белгиланган стандартлар ва амалда қўллаш бўйича тавсиялар шаклида тузилган бўлиб, унинг 13-моддасига асосан стандартлар ва тавсияларни миллий қонунчиликка имплементация қилишга 36 ой (3 йил), ўтиш даври белгиланган стандартларни амалга ошириш учун 60 ой (5 йил) муддат белгиланган.

Конвенциянинг миллий божхона қонунчилигига таъсири

Миллий божхона қонунчилиги меъёрлари, жумладан, Божхона кодекси (2016 йил), шунингдек божхона маъмурчилигини такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (12.04.2018й. ПФ-5414, 24.11.2018й. ПФ-5582, 23.04.2019й. ПҚ-4297, 05.06.2020й. ПФ-6005) ва институтлар (хавфларни бошқариш, ваколатли иқтисодий операторлар, божхона аудити, электрон божхона расмийлаштируви, “Ягона дарча” ААТ ва бошқалар), Ўзбекистон Республикасининг Конвенцияга божхона фаолиятини тартибга солиш сиёсати йўналишларини ўзгартирмасдан қўшилиш имконини берди.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Республикасининг мазкур халқаро шартномага қўшилишидан келиб чиқадиган мажбуриятларни олдиндан аниқлаш мақсадида, Жаҳон божхона ташкилоти ва халқаро даражадаги экспертлар билан ҳамкорликда ўтказилган таҳлиллар, Ўзбекистонда Конвенция Бош иловасидаги 108 та стандартдан 73 таси (67 фоизи), Махсус иловасидаги 241 та стандартдан 200 таси (83 фоизи) имплементация қилинганлигини кўрсатди.

Конвенция қоидаларини тўлиқ имплементация қилиш миллий қонунчиликка “ички истеъмол учун товарларни қайта ишлаш” (Конвенция “F” махсус иловаси 4-боби) божхона режимини, божхона тўловларининг энг қуйи миқдорини белгилаш (“de minimis”), умумий чегара ўтиш пунктларида биргаликда божхона назоратини амалга ошириш, божхона органлари томонидан йўл қўйилган хатолик оқибатида ортиқча ундирилган божхона тўловларини устувор тартибда қайтариш, декларантга божхона-юк декларациясини тўлдиришда товарларнинг божхона тўловларини ҳисоблашга таъсир этмайдиган қоидабузарликларни ихтиёрий равишда тузатиш ҳуқуқини тақдим этиш ва бошқа бир қатор янги қоидаларни киритишни талаб қилади.

Бундан ташқари, Киото Конвенциясига қўшилиш Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларини қўллашга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Чунки, Киото конвенцияси Тарифлар ва савдо бўйича Бош келишувнинг (1994й.) V моддаси (“Транзит эркинлиги”), VIII моддаси (“Тўловлар ва расмиятчиликлар”) ҳамда Жаҳон савдо ташкилотининг Савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича Битими (2017й.) қоидаларига асосланади.

Конвенцияга қўшилиш миллий қонунчиликка халқаро стандартларни татбиқ этиш нуқтаи назаридан ҳам юқори даражада эътироф этилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон божхона маъмурияти Конвенцияга ўзгартириш киритиш билан боғлиқ жараёнда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.

Конвенция иштирокчиси ҳуқуқий мақоми хорижий давлатлар билан икки томонлама халқаро шартномаларни тузишда (масалан, имтиёзли савдо битимлари бўйича) ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Шунингдек, Конвенцияга қўшилишнинг Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Doing business” ва Логистика самарадорлиги (LPI индекси) рейтингларида Ўзбекистон ўрнини юқори поғоналарга кўтаришга хизмат қилади. Бунда, Жаҳон божхона ташкилотининг товарларни дарҳол чиқариш бўйича кўрсатмаларини амалда қўллаш ва расмийлаштирув вақти бўйича доимий тадқиқотларни (Time-release study) доимий ўтказиш долзарб аҳамият касб қилади.

 

10.05.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг