Яқинда Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғида “Ҳоким ва ёшлар” тадбири бўлиб ўтган эди.
Унда вилоят ҳокими Э.Турдимов истеъдодли, интилувчан, тадбиркор, ташаббускор ёшлар билан очиқ мулоқотга киришиб, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган масалаларни ўрганди, ёшларнинг мурожаатларини тинглади.
Мулоқот давомида ёшлар томонидан жами 36 та турли муаммолар ва таклифлар билдирилди.
Хусусан, Самарқанд туманида яшовчи ёш тадбиркор Рустам Шермуҳаммедов божхона соҳаси бўйича савол билан мурожаат этган. Ҳозирда Рустам Шермуҳаммедов иш юритаётган “Интилиш барака файз” МЧЖ корхонаси совун маҳсулоти ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келмоқда. Мазкур корхонада 11 нафар ишчи фаолият кўрсатиб, кунига ўртача 5-6 минг дона 3 турдаги атир совунлар ишлаб чиқарилмоқда.
Жорий йил 21 сентябрь куни корхона томонидан Эрон давлатидан совун ишлаб чиқариш учун хомашё ҳисобланувчи “совун стружкаси” олиб келинган.
Тадбиркор ушбу товарларни эркин муомалага чиқариш божхона режимига расмийлаштиришда божхона тўловларидан имтиёз қўллаш бўйича амалий ёрдам сўраган.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари тадбиркорга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида у билан суҳбат ўтказишди.
Тадбиркор томонидан олиб келинган хомашё учун амалдаги қонунчиликка мувофиқ белгиланган божхона божи ва қўшилган қиймат солиғини Божхона кодексининг 329-333 моддаларига мувофиқ, тўқсон календарь кундан ошмаган ҳолда божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти мавжудлиги тўғрисида маълумот берилди.
Бундан ташқари, тадбиркорга Божхона кодексининг 70-82 моддалари талаблари асосида товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштириш шартлари, товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш операциялари, муддати ҳамда ушбу режимга жойлаштириш учун зарур бўлган ҳужжатлар тўрисида батафсил тушунтириб ўтилди.
Суҳбат якунида божхоначилар Р.Шермуҳаммедовга келгусида божхона соҳасига оид ҳуқуқий билимларини ошириб бориши учун унга Божхона кодекси китобини совға қилишди.
Малакасини оширган тадбиркор олиб келинган товарларни божхона расмийлаштирувидан ўтказишда божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имкониятидан фойдаланишини маълум қилди.
Вилоят божхона бошқармаси тадбиркорлик фаолияти божхона соҳаси билан боғлиқ муаммоли масалаларни ижобий ҳал этишни ҳамда уларга бу борада амалий ёрдам кўрсатишни давом эттирмоқда.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
11.10.2018