Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тез кунда қовун экспорти бошланади
2609
Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани миришкор деҳқонлар юртига айланган. Меҳнаткаш ва ҳалол, фидойи деҳқонлар тумандаги лалми ерлардан пешона тери эвазига ризқ ундириб, эл-юрт дастурхонини тўкинлигини таъминлашда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқда.
Тез кунда қовун экспорти бошланади

Чироқчи туманида лалми майдонлардан қўшимча ерлар ўзлаштирилмоқда, суғориш учун артизан қудуқлар қазилмоқда. Бу саъй-ҳаракат ва изланишлар қишлоқ хўжалиги ва полиз маҳсулотларини ҳалқимиз дастурхонига ҳар галгидан эртароқ тақдим этилмоқда.

Туманда май ойининг бошида қовун пишди. Айни кунда таъми тилёрар ва харидоргир қовунлар туманнинг Ўтамайли ҳудудида етиштирилмоқда. Пишиб меъёрига келганлари пешма-пеш истеъмолчиларга етказилмоқда.

Ўзимизнинг томорқамизда ҳар йили турли хилдаги полиз маҳсулотларини етиштириб келяпмиз, дейди - деҳқон Руфат Бўриев.  Даромадимиз яхшигина, рузғордан орттирган маблағдан экин майдонимизни кенгайтиряпмиз. Томорқамизга эртапишар қовуннинг “Дакара” навини экканмиз, ҳосил май ойининг бошида пишиб етилди. Сотиб даромад қиляпмиз.

Деҳқонларнинг айтишича, ҳудудда жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб қовун парваришига киришилган. Бунда асосан “Жиян”, “Торпедо”, “Аэропорт” каби экспорт талабига жавоб берадиган навлар танланган.

Аввалига уруғлар махсус идишларга экилиб, иссиқхона шароитида ўстириб олинади. Бўйи меъёрига етган кўчатлар кенг майдонга плёнка остига экиб чиқилади. Кунлар исиши билан палаклар баравж ривожланиши учун ниҳоллар усти очилади. Бу усулни қўллаш орқали эртачи ҳосил олиш имконияти ошади.

Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси масъул ходимлари томонидан тумандаги тарвуз ва қовун маҳсулотлари етиштирувчи фермер ва томорқа эгалари билан учрашиб, юртимизда тадбиркорларга барча қулайлик ва имкониятлар яратилганлигини,  қишлоқ хўжалиги ва полиз маҳсулотларни экспортга расмийлаштиришда божхонада яратилган қулайликлар тўғрисида тушунтиришлар берилмоқда.

Яратилган имкониятлардан ўз вақтида ва самарали фойдаланиш нафақат тадбиркорнинг ўзига, балки давлатимиз иқтисодиётини янада ривожлантиришга экспорт ҳажмини оширишда ҳисса қўшиши юзасидан фикрлар алмашилди.

Демак, тез кунда мамлакатимиздан қовун экспорти ҳам бошланади.

Қашқадарё вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

8.05.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг