Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Мард аждодлар жасорати ҳеч қачон унитилмайди!
1389
Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистонда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган бўлса, шундан 1,5 миллиони урушда бевосита иштирок этган.
Мард аждодлар жасорати ҳеч қачон унитилмайди!

Ёш гўдак ва болаларни, қариялар ва аёлларни ҳисобга олмаганда, халқимизнинг 40 фоиздан кўпроғи қўлига қурол олиб, жангу жадалларда қатнашган. Бу даҳшатли қирғинда қарийб 500 минг юртдошимиз, яъни урушда қатнашганларнинг 30 фоизи ҳалок бўлганини инобатга оладиган бўлсак, эришилган ғалабанинг қадр-қиммати нечоғли баланд экани, Ўзбекистон халқининг фашизмга қарши курашга қандай катта ҳисса қўшгани яққол намоён бўлади.

Ҳа, фашизмга қарши курашда ҳалок бўлган юртдошларимизнинг хотирасини, жангу жадалларда кўрсатган жасоратларини унутиш мумкин эмас, унутиб бўлмайди.

Шу боис истиқлол йилларида мамлакатимизда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага бўлган муносабат тубдан ўзгарди. 1999 йилдан буён 9 май республикамизда Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланиб келмоқда.

Барча вилоят, шаҳар ва туман марказларида Хотира хиёбонлари ташкил этилди. Бу биринчи галда, урушда ҳалок бўлган, фронт ортида меҳнат қилган юртдошларимизга бўлган ҳурмат ва эътибор намунаси бўлди. Ҳар йили байрам куни бу муқаддас масканлар анвойи гулларга бурканади, мамлакатимиз аҳли дориломон кунларимиз учун ҳалок бўлганлар хотирасини ёд этадилар, жасоратлари олдида бош эгадилар. Ҳар бир маҳаллада, меҳнат жамоасида уруш ва меҳнат фахрийлари учун тадбирлар уюштирилиб, эътибор кўрсатилади.

Ана шундай тадбирлардан бири Самарқанд вилоят божхона бошқармасида “Мард аждодлар жасорати ҳеч қачон унитилмайди” шиори остида ўтказилди.

Унда вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти ҳамда шахсий таркиби ва Самарқанд давлат университетининг фалсафа фанлари доктори Зарифа Муминова иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, иккинчи жаҳон уруши тарих қаърида чуқур илдиз отган ўтган кунларимизни ёдга олиш билан бир қаторда, тинчлик ва осойишталикни қадрига етишга, бирдамликка ва аҳилликка ҳамда умуминсоний қадрият саналмиш хотиранинг муқаддаслигини таъминлашга хизмат қилади.

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида қайд этилганидек, фашизм устидан қозонилган ғалабада халқимизнинг ҳам мардонавор ва салмоқли ҳиссаси унутилмас ҳақиқатдир. "9 май – Хотира ва қадрлаш куни" Иккинчи жаҳон урушининг аянчли оқибатларини унутмасликка, тинчлик ва осуда ҳаётнинг қадрига етишга, Ватанга садоқат ҳисси билан яшашга, шунингдек, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишга, тарихий хотирага садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилиб келмоқда деб таъкидлаб ўтган.

Қарорда ҳар бир уруш қатнашчиси, фронт орти меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилишининг белгилангани инсон қадрининг, хотиранинг нечоғлик муқаддас ва азизлигини кўрсатади.

Албатта, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик турмушимиз ободлиги, дастурхонларимиз тўкинлигининг бош омилидир. Мана шундай озод ва обод юртда давлатимиз ва халқимиз ардоғида яшаётганимиздан барчамиз фахрланамиз.

Сана муносабати билан ёш божхоначилар хизмат бурчини бажариш билан боғлиқ ҳолатларда ҳалок бўлган божхона ходимларининг оила аъзоларидан хабар олинди.

Улуғ айём арафасида бошқарма бошлиғи Я.Мирзарахимов томонидан бир гуруҳ ходимларга ДБҚ буйруғига асосан навбатдаги махсус унвонлар топширилди.

Самарқанд вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

8.05.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг