Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тадбиркорлар муаммоси “корхонабай” ўрганилмоқда
1284
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 2021 йил 8 апрель куни ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда 2021 йил учун бандлик дастурининг ижросини самарали ташкил этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда қатор вазифалар юклатилган эди.
Тадбиркорлар муаммоси “корхонабай” ўрганилмоқда

Хоразм вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини амалга оширишда мавжуд муаммоларни аниқлаш, бартараф этиш, жойида ечимини топиш бўйича вилоят хокимлиги, вилоят солиқ, Иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш,  Инвестиция ва ташқи савдо бошқармалари, Савдо ва саноат палатаси ҳамда тижорат банклари билан ҳамкорликда 2021 йил 3 май куни вилоятдаги ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этиш чораларини кўриш бўйича Ишчи гуруҳ ташкил этилди.

Хоразм вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Мухтор Уразалиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ вилоятда янги фаолият бошлаётган ва экспортёр корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишиб чиқди.

Дастлаб ишчи гуруҳ Урганч шаҳридаги "Al-Ulug' trans" маъсулияти чекланган жамиятига қарашли янги қурилиб, ишга тушиш арафасида турган, суткасига 200 тонна чигитни қайта ишлаш қувватига эга замонавий ёғ завод фаолиятини ўрганишди.

Мазкур корхонага жорий йилда Хитойдан сўнгги русумдаги, 1,2 млн. долларлик технологиялар ва маҳсулотни қадоқлаш линиялари ўрнатилмоқда.

Корхона мустақилликнинг 30 йиллик байрами арафасида ишга тушиши режалаштирилган. Натижада, 60 га яқин янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда.

Кейинги манзил - Урганч шаҳрида жойлашган “Darital shoes” масъулияти чекланган жамияти бўлди. Ушбу жамиятда йилига 50 минг жуфт 200 хил турдаги эркаклар ва мактаб ёшидаги болалар учун пойабзаллар тайёрланмоқда.

Ҳозирда корхонада 110 нафар ишчи банд бўлиб, пойабзаллар ички бозорда харидоргир бўлиши билан бирга, хориж бозорларида ҳам ўз ўрнига эга. Ўтган йили пандемия шароитига қарамасдан Россия ва Қозоғистонга пойабзал экспорт қилинган.      

Учрашув давомида божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида яратилган қулайликлар, шунингдек тадбиркорларга божхона тўловларидан берилаётган имтиёзлар, тадбиркорларга янада сифатли хизмат кўрсатиш, улар фаолиятини амалга оширишда тўсиқ бўлаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш бўйича таклифлар ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатилиши белгилаб олинди.

Шу билан бирга, маҳсулотларни экспорт қилишда берилган қатор қулайликлар бўйича Президентимизнинг муҳим фармон, қарорлари ва Ҳукумат қарорлари ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича қисқа ва тушунарли тарзда тайёрланган буклетлар тарқатилди. 

 Баҳс мунозараларга бой тарзда, ишчанлик руҳида бўлиб ўтган учрашувларда тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан берган саволларига соҳа мутахассислари томонидан тўлиқ ва асосли жавоблар ва ҳуқуқий маслаҳатлар олишди. Бу каби учрашувлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

Учрашув якунида мазкур корхона томонидан ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида юзага келаётган, жумладан, божхона расмийлаштируви билан боғлиқ бўлган масалалар юзасидан Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли “Ишонч телефони” орқали ёки Хоразм вилояти божхона бошқармасининг (62) 227-70-11 рақами орқали сутканинг исталган пайтида мурожаат этишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.

Хоразм вилояти

божхона  бошқармаси

Ахборот хизмати

7.05.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг