Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 2021 йил 8 апрель куни ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда 2021 йил учун бандлик дастурининг ижросини самарали ташкил этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда божхона органларига юклатилган вазифаларнинг тўлақонли ижро этилишини таъминлаш, хусусан, тадбиркорларга сифатли хизмат кўрсатиш, маслаҳат бериш, жойларда уларнинг фаолиятини амалга оширишга тўсиқ бўлаётган муаммоларни “корхонабай” ўрганиш ва тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида, жойларда тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг муаммолари батафсил ўрганилмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Нукус” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан учрашув ўтказилиб, уларга божхона соҳасида янги қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар ва яратилаётган енгилликлар тўғрисида тушинтиришлар берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 апрелдаги “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5087-сонли Қарори асосида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлашнинг вақтинчалик тартибини ҳамда қонунчиликда белгиланган чет элдан хорижий валютадаги тушумлар тушиши кечиктирилишига нисбатан жарималар миқдори камайтирилганлиги ва мазкур қарор билан киритилган бошқа енгиликлар тушунтирилиб ўтилди.
Учрашув давомида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга тўсиқ бўлаётган муаммоларни “корхонабай” ўрганиш мақсадида пост бошлиғи томонидан “Амударё Текстил” МЧЖ, “Манғит Инвест Плюс” МЧЖ, “Манғит холодилник” МЧЖ, “Эрнафас” МЧЖ, “Аму-Манғит чорва” МЧЖ, “Абдуқодир-Ризо” МЧЖ, “Жайҳун Силк” МЧЖ, “Амударё Бизнес Инвест” МЧЖ, “Илҳом-Шохрух” ФХ ва “Полвонбай овули” ФХ вакилларининг ҳар бири билан алоҳида корхоналар кесимида суҳбат ўтказилиб, мавжуд муаммолар жойида тўлиқ кўриб чиқилди ва амалдаги қонунчилик доирасида тушунтириш ишлари олиб борилди, мавжуд муаммолар ваколат диорасида жойида ҳал этилди.
Бу каби ўтказилаётган тадбирларнинг барчаси мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари учун қулай шароит ва имкониятлар яратиш пировардида, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши, бугунги кунидан рози бўлиб, эртанги кунига янада катта ишонч пайдо бўлишига хизмат қилади.
Ёқуб Ўктамов
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
20 бошқарма катта прокурори
Элёр Хўжамов
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
20 бошқарма прокурори
7.05.2021