Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
2.2 кг.дан зиёд “гашиш”ни пуллашга уринган наркокурьерлар қўлга олинди
801
Республикамиз божхоначилари гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига доир навбатдаги божхона қонунбузилиш ҳолатларига чек қўйишди.
2.2 кг.дан зиёд “гашиш”ни пуллашга уринган наркокурьерлар қўлга олинди

Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан ҳамкорликда жорий йилнинг 9-15 апрель кунлари ўтказилган кенг қамровли тезкор тадбирлар натижасида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Хусусан, Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида дастлаб аввалдан кузатувга олинган фуқаро С. бошқарувидаги “Captiva” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб кўздан кечирилганида мазкур автмоашина салонидан  вазни 1,07 гр. “гашиш” гиёҳвандлик воситаси топилади.

Шундан сўнг тезкор тадбир Бекобод шаҳрида давом эттирилади ва фуқаро С.га 492,4 гр. оғирликдаги “гашиш” гиёҳвандлик воситасини  5 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида яна 2 нафар шахслар ҳам қўлга олинади.

Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда эса “Фарғона-Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган “Lacetti” автотранспорт воситасида йўловчи сифатида кетаётган фуқаро Ғ.нинг ёнида вазни 287,42 гр. “гашиш” гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди.

Шунингдек, тезкор тадбир Андижон вилояти Марҳамат туманида давом эттирилиб, фуқаро Ғ.га 497,77 гр. “гашиш” гиёҳвандлик моддасини 3,7 минг АҚШ долларига сотаётган шахс ҳам воқеа жойида қўлга олинади.

Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса 2 нафар фуқаролар ёнларида 505,32 гр. “гашиш” гиёҳвандлик моддаси билан қўлга олинади.

Тезкор тадбирнинг сўнгги босқичи Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида давом эттирилиб,  фуқаро А.нинг хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, бу ерда 446,07 гр. “гашиш” гиёҳвандлик воситаси сақланаётганлиги аниқланди.

Шундай қилиб,  Тошкент, Андижон ва Сирдарё вилоятларида ўтказилган мазкур кенг қамровли тезкор тадбир натижасида қонунбузар шахслардан 2 кг. 230 гр.дан ортиқ оғирликдаги “гашиш” гиёҳвандлик воситаси олиб қўйилди ва мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилди.

6.05.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг