Куни кеча Жиззах вилоят божхона бошқармасининг Контрабанда ва БҚБга карши курашиш бўлими тезкор вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар ходимлари билан ҳамкорликда Фориш туманининг Навоий вилояти билан чегарадош қисми яқинидаги Қозоғистон Республикасига олиб ўтувчи қумли айланма йўлда тезкор тадбир ўтказилди.
Ўтказилган тадбир давомида фуқаро Т.Р.нинг “ГАЗ-53” русумли юк автоулови кўздан кечирилди. Текширув вақтида автомашина юкхонасида мамлакатимиздан яширин тарзда олиб чиқилиши режалаштирилган 16 дона полиэтилен қопларда 570 кг. мис ҳамда 86 кг. латун рангли металл парчалари борлиги аниқланди ва далилий ашё тариқасида олиб қўйилди.
Суриштирув жараёнида фуқаро Т.Р ўз кўрсатмасида ушбу рангли металл парчалари Навоий вилояти Конимех туманида яшовчи А.А.га тегишли эканлигини ва уларни маълум ҳақ эвазига чегарадан ўтказиб беришини маълум қилди.
Юк эгаси А.А эса мазкур ҳолат юзасидан берган ўз кўрсатмасида, ушбу рангли металл парчаларини Бухоро вилояти Ғиждувон туманидан сотиб олганлигини ва Қозоғистон Республикасига қайта сотиб, фойда кўриш ниятида Т.Р.га тегишли омборга ташлаб кетганлигини баён этди.
Мазкур холат бўйича далилий ашё сифатида олинган умумий қиймати 9,5 млн. сўмлик, жами 656 кг. рангли металл парчалари “Ўзиккиламчи-рангмет” АЖ Жиззах вилояти филиалига вактинча сақловга топширилди.
Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Рангли ва қора металлар парчалари, чиқиндилари билан ишлаш тартибини такомиллаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 6 июндаги 425-сон қарори билан жисмоний шахслар металл парчаларини эркин нархларда “Ўзметкомбинат” ва “Ўзиккиламчиранглиметалл” акционерлик жамиятларига топширишлари мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
9.10.2018