“Хотира ва қадрлаш” куни деб ном олган ушбу кунда cоғ-саломат ҳаёт кечираётган уруш қатнашчиларини, нуроний отахон ва онахонларимизни ҳамда хизмат вақтида ҳалок бўлган ватан қаҳрамонларининг оила аъзолари ҳолидан хабар олиш эзгу анъанага айланиб улгурган.
Хусусан, Наманган вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари И.Жалолов бошчилигида бир гуруҳ божхоначилар томонидан иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳамда марҳум божхоначиларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олинди.
Ушбу қутлуғ сана муносабати билан божхоначилар Наманган шаҳар “Ҳақиқат” маҳалласида яшовчи, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 97 ёшни қаршилаган Шарифжон ота Нуритдинов хонадонида бўлинди.
Шарифжон ота уруш даврида бошдан кечирган қийинчиликларини, миллионлаб бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлгани, уруш даврида оддий ҳалқнинг турмуш тарзидаги қийинчиликлар ҳақида сўзлаб берди.
Шу куни божхона ходимлари хизмат вақтида ҳалок бўлган бир нечта марҳум божхоначиларнинг оила аъзоларидан хабар олиш учун уларнинг хонодонларида ҳам бўлишди.
Шу ўринда такидлаш жоизки, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди.
Бу ҳол ёшларни юртпарварлик, меҳнатсеварлик, аждодларининг энг яхши анъаналаридан фахрланиш, уларга муносиб ворислар бўлиш руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга.
Мазкур “Хотира ва қадрлаш” кунига бағишланган маданий-маърифий ва хотирлаш тадбирлари юртимиз бўйлаб уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда.
5.05.2021