Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, фронт ортида оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли синовларда ўзлигини йўқотмаган, имони бутун аждодларимизга меҳр-оқибат кўрсатиш том маънода миллий анъанага айланди.
Инсоният тарихидаги энг даҳшатли фожеа бу - Иккинчи жаҳон урушидир. Бу урушда бир ярим миллиондан ортиқ Ўзбекистон ўғлонлари ҳам иштирок этишган. Уларнинг ярим миллиондан кўпи ҳалок бўлган, 133 минг нафарга яқини бедарак йўқолган. 60 мингдан ортиқ ватандошимиз эса урушдан ногирон бўлиб қайтган.
Шу боис мамлакатимизда 9 май - “Хотира ва қадрлаш” кунида Ватан ҳимоясида жонбозлик кўрсатганлар хотираси ёд этилади, сафимизда биз билан бирга яшаётганларнинг эса ҳолидан хабар олинади.
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Умаров ҳамда бошқарма ходимлари ушбу қутлуғ сана муносабати билан Шеробод туманидаги “Галагузар” маҳалласида яшовчи, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 96 ёшни қаршилаган Кенжа ота Иламанов ҳамда ларни хонадонларида бўлишди.
Кенжа ота чуқур сукунат ила қонли урушнинг аянчли оқибатида неча миллионлаб бегуноҳ инсонлар, шу қаторида минглаб юртдошларимиз ҳам вафот этганликлари ҳамда уруш даврида оддий ҳалқнинг турмуш тарзидаги қийинчиликлар ҳақида сўзлаб берди.
Шу куни божхона ходимлари ушбу туманнинг “Хўжақия” маҳалласида яшовчи, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 100 ёшни қаршилаган Хусан бобо Қулсаҳатов хонодонида ҳам бўлишди.
Хусан бобонинг матонатига тан бермай иложимиз йўқ, чунки у Россия, Украина, Полша, Германия ва бошқа худудлардаги жангларда мардонавор иштирок этган, шунингдек, Хусан бобо рус ва немис тилларини ҳам уруш йилларида тўлиқ ўзлаштирган.
Хусан бобо келган меҳмонларга узун дуо бериб, юртимиз тинч бўлишини, зиёратига келганларни доимо юзлари ёруғ бўлиб, халқ хизматидан чарчамасликларини тилади.
Ҳа албатта, биз ёшлар бугунги осуда ҳаётимиз, гўзал диёримиз учун ўз қонлари ва жонларини аямаган, Ватаннинг содиқ фарзандларини бир лаҳза бўлса-да унутмаслигимиз ҳамда улардан ўрнак олишимиз зарур.
5.05.2021