9 май - “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг бир гуруҳ ходимлари хизмат вақтида ҳалок бўлган божхоначилар Тўхтамиш Холлиев, Ботир Давлатов ва Равшан Қодировни хотирлашди, марҳум касбдошларининг яқинлари ҳолидан хабар олишди.
Сурхондарё вилояти божхона бошқармасида ўчмас из қолдирган юртнинг содиқ фарзанди Равшан Қодиров ҳам ўз жонини ватан учун аямади.
Қодиров Равшан Пўлатович 1969 йилнинг 16 апрель куни Самарқанд вилоятидаги Сочак қишлоғида ишчи оиласида таваллуд топган.
Тенгдошлари қатори мактабни битиргач, ўз хоҳишига кўра ҳарбий хизматни ўташ учун тайёргарлик кўрган Афғонистонга юборилган. Қонли жангларда иштирок этиб, ярадор бўлган. Мардлиги ва жасурлиги учун бир неча маротаба мукофотланган. Энг сўнгги қисмлар таркибида Ўзбекистонга қайтган.
Равшан Қодиров ўта қатъиятли, ваъдасига вафодор ва масъулиятли инсон бўлган. Ҳаттоки, қийин вақтларда ҳам бу фазилатларини йўқотмаган.
У 1993 йилнинг сентябрь ойида Термиз божхонаси хизматига қабул қилинади. Равшан Қодиров 1994 йилнинг 3 февраль куни «Гулбаҳор» божхона пости ходимлари таркибида Сурхондарё вилоятининг чегара ҳудудларида хизматни ўтаётган вақтида қуролланган жиноятчилар тўдасига дуч келган. Улар «ЗИЛ» юк автомашинасида ҳеч қандай ҳужжатларсиз 4 тонна бензин ёқилғисини республикамиз ҳудудига олиб киришга ҳаракат қилганлар. Божхона ходимлари уларни тўхтатиб, ҳужжатларини кўрсатишни сўраганларида, жиноятчилар қочишга уринган. Равшан Қодиров машинани тўхтатишга ҳаракат қилган вақтида, жиноятчилар унга қарата ўқ узиб, умрига завол бўлганлар.
Баъзи инсонларда: “4 тонна бензин учун жонини фидо қилибди”, - деган фикр пайдо бўлиши мумкин. Лекин, Ватан, касбий бурч ва қасамёдга садоқат каби муқаддас инсоний туйғулар борки, улар бизни ҳеч иккиланмай жасорат ва мардлик кўрсатишга ундайди. Равшан Қодиров учун бу туйғулар бегона эмас эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1995 йил 30 августдаги Фармонига асосан ҳарбий бурчини бажариш, республикада миллий хавфсизликни таъминлаш ва жамоат тартибини муҳофаза қилиш чоғида жасурлик ва матонат кўрсатганлиги учун Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси кичик инспектори Қодиров Равшан Пўлатович «Жасорат» медали билан тақдирланган.
Ватаннинг содиқ фарзанди, эндигина 28 ёшни қаршилаган Ботир Давлатов 1998 йилнинг 18 февраль куни хизмат вазифасини бажараётган вақтида “Оқтош” божхона постида содир бўлган отишмада ҳалок бўлди.
- Ўғлим Ботиржон, - дея кўзларига ёш олиб, ўз фарзандини хотирлайди Ҳайитой ая Қурбонова, - Болалигидан жуда меҳнатсевар, меҳрибон ва оқкўнгил инсон эди. У ёрдам сўраб келган муҳтож инсонлардан ҳеч қачон ёрдамини аямас эди. Хизматдан бўш вақтларида бекор юрмасди. Чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланарди. Боғдорчиликни ҳам ёқтирарди. Турли дарахт ва гулларни экиб, уларни парвариш қиларди. Унинг Сайроб қишлоғида яратган боғи ҳануз бизга уни эслатиб туради.
Ботир Давлатовнинг орзуси – Ўзбекистон Республикасининг буюк келажагини кўриш ва юртимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш ишига ўз ҳиссасини қўшиш эди.
Мактаб даврида бир партада ўтирган синфдош дўсти Тўйчибой Пардаев шундай хотирлайди.
- Ботир менинг энг яқин ўртоғим эди, у билан бирга ўтган ёшлик даврларим хануз ёдимда. Мактабда талим олиш даврида у хаммаиздан уз билими ва ўткир зехни билан бошқа боларардан ажралиб турарди. Мен ва синфдошларимиз унга хавас қилардик. Хеч кимдан ёрдамини аямасди.
Ботир Давлатовнинг устозлари Маҳмуд Ўзбеков, Жўрабой Бурхонов, Соля Ибрагимова, Салимжон Ўроқов, Хуррам Қултўраевларнинг хотираларида ҳам қаҳрамон божхоначи ҳақида фақат эзгу ва илиқ фикрларни тингладик.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 27 августдаги Фармонига асосан Ботир Давлатов вафотидан сўнг “Жасорат” медали билан тақдирланди. Ҳозирда Шеробод туманидаги кўчаларнинг бирига ҳам Ботир Давлатов номи берилган.
Отаси изидан боришга аҳд қилган қизи Сабогул Маматқулова эса Давлат божхона қўмитаси Божхона институтига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинган.
Ватанимизнинг иқтисодий хавфсизлигини ҳимоя қилишда ўз жонинида аямаган яна бир божхона ходими Тўхтамиш Холлиев 1949 йилнинг 17 августида Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида таваллуд топган эди.
Холлиев 1981 йилда ўша даврда фаолият юритган “Какайди” божхона постининг кўрик ходими лавозимига ишга қабул қилинган. Мазкур постда Афғонистондан келган ҳарбий самолётлар божхона назоратидан ўтказилган. У мазкур тизимидаги хизмати давомида Сурхондарё вилояти божхона бошқармасида, “Аму-Занг”, “Айритом”, “Термиз” ва “Болдир” темир йўл божхона постларида, “Жарқўрғон” ташқи иқтисодий фаолият постида ва “Сариосиё” божхона комплексида фаолият юритди.
Узоқ йиллар давомида божхона тизимида фаолият юритган ва бугунги кунда нафақадаги божхона фахрийси Холмурод Жумаев марҳум касбдоши Тўхтамиш Холлиев билан ишлаган кезларни хотирлаб, қўшни Тожикистонда фуқаролар уруши гоҳ кучайиб, гоҳ сустлашган нотинч бир вазиятда божхона чегараларида ишлаш осон бўлмаганлигини эслайди.
Унинг айтишича, 1999 йилнинг 27 апрель куни Тўхтамиш Холлиев касбдошлари билан бирга хизматни ўтаётган вақтида, соат тахминан 14 ларда, айланма йўллар орқали Тожикистон Республикасидан юртимизга кириб келаётган автотранспорт воситаси тўхтатилади. Унда контрабанда билан шуғулланувчи жиноятчилар бор эди. Божхоначиларни кўрган қоидабузарлар жавобгарликдан қутулиб қолиш учун божхона ходимларининг ҳаётига тажовуз қилиб, уларга тан жароҳати етказиб, қочишга уринганлар. Оғир жароҳатлар оқибатида Тўхтамиш Холлиев ҳалок бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 25 августдаги Фармонига асосан мустақил Ватанимизни ҳимоя қилишда кўрсатган фидойилиги ва мардлиги учун катта инспектор Холлиев Тўхтамиш Қосимович вафотидан сўнг 2-даражали «Шон-шараф» ордени билан тақдирланди.
Ўз фаолияти давомида ватанга садоқат ва фидойилик кўрсатган ўғлонлар хотираси қалбларда мангу яшайди.
Сурхондарё вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
5.05.2021