Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳам назорат ва ҳуқуқ тартибот идоралари ҳамда ҳокимликлар билан ҳамкорликда манзилли ва амалий тадбирлар йўлга қўйилган.
Хусусан, вилоят ҳудудига четдан импорт асосида олиб келинган технологик ускуналар ва зарур эҳтиёт қисмларнинг кўзланган мақсадларда фойдаланилиши, бу борада тадбиркорларимиз олдида тўсиқ бўлиб турган муаммоллар жойларга чиқилган ҳолда ўрганилиб, аниқланган муаммоли масалалар бартараф этилмоқда.
Мисол учун, асосий фаолият тури мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашган “New mebel” корхонаси мутасаддилари фаолият йўналишини янада кенгайтириш мақсадида, Хитой Халқ Республикасидан қиймати 200 минг АҚШ долларилик ҳар хил турдаги полиэтилен маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган ускуна ва жиҳозларни олиб келди.
Бироқ, дастгоҳларни ўрнатиш, ҳом ашё ва бошқа ҳаражатлар учун корхонада етарли маблағ йўқлиги сабабли, иш бошлашнинг имкони бўлмаган.
Вилоят божхона бошқармаси таркибий тузилмаларидан иборат тузилган Ишчи гуруҳнинг корхонага бориб ўрганилиши ва амалий ёрдам кўрсатилиши, корхонанинг муаммосини тўлиқ бартараф этилишига, корхона фаолияти учун Халқ банки томонидан маблағ ажратилишига эришилди.
Энг муҳими, корхона яқин кунларда фаолиятини бошлайди, 10 нафар маҳаллий ёшларни иш билан таъминлашда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси тасарруфидаги ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари ходимлари ўзларининг бугунги кундаги асосий вазифаси сифатида четдан импорт асосида олиб келинаётган технологик ускуналар ва жиҳозларни тезкорлик ҳамда божхона имтиёзларини қўллаган ҳолда божхона расмийлаштирувидан ўтказиш деб билади. Шунингдек, мониторинг ва таҳлил ишлари ҳам доимий равишда амалга оширилмоқда.
Йўлга қўйилган бу каби чоралар ишлаб чиқариш учун зарур ускуналарни қисқа муддатларда тадбиркорлар ихтиёрига топширилишига ва тадбиркорлар ўз фаолиятини эртароқ бошлашларида муҳим ўрин эгаллайди.
Қашқадарё вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
5.05.2021