Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Фарғонада 5,7 млн. долларлик минерал ўғитлар экспорт қилинди
2448
Мамлакатимиз томонидан тадбиркорлар ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида экспорт кўламининг тобора ортиши, импорт товарларининг маҳаллийлаштирилиши, четдан ишлаб чиқариш техникаларини, шунингдек зарурий жиҳозлар ва хом ашёнинг кўплаб олиб кирилиши, бир сўз билан, қулай ишбилармонлик муҳитига замин ҳозирланмоқда.
Фарғонада 5,7 млн. долларлик минерал ўғитлар экспорт қилинди

Бунда божхона ходимларидан янада тез ва сифатли ишлаш талаб этилмоқда. Жумладан, тадбиркорларнинг экспорт-импорт операцияларини божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказиш учун ташкил этилган Фарғона вилояти божхона бошқармасининг “Қиргули” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари ҳам сутканинг 24 соати давомида хизмат олиб бормоқда.

Тизимда ишлар онлайн режимида олиб борилади. Тадбиркорларга бириктирилган электрон калитлар орқали экспорт ёки импорт қилаётган товарлари тўғрисидаги божхона юк декларацияларини божхона постига тақдим этадилар. Божхона ходимлари эса товарлар келиб тушган ёки экспортга йўналтирилаётган манзилга бориб божхона назоратидан ўтказадилар.

Постга тадбиркорлар ташқи иқтисодий фаолият бўйича маслаҳат ёки ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат этишмоқда. Уларга доимий тегишли маслаҳат ва тушунтиришлар бериб бориш йўлга қўйилган.

Республикадан минерал ўғитлар экспорти алоҳида тартиб бўйича амалга оширилади. Чунки аввал ички бозор тўлиқ таъминланади сўнг экспортга рухсат берилади.

Минерал ўғит товарлари экспорти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 августдаги “Кимё саноати ташкилотларининг экспорт-импорт фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3246-сон қарори асосида тартибга солинади.

Унга кўра кимё соҳасининг экспорт салоҳиятини кенгайтириш, “Ўзкимёсаноат” АЖ ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган экспорт ва импорт операцияларининг шаффофлигини таъминлаш, рақобатдош маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш самарадорлигини ошириш мақсадида “Ўзкимёимпэкс” масъулияти чекланган жамият шаклидаги экспорт-импорт операциялари бўйича ягона агент ташкил этилган.

2017 йил  октябрь ойидан бошлаб “Ўзкимёсаноат” АЖ ташкилотларининг кимёвий маҳсулотлари экспорти “Ўзкимёимпэкс” МЧЖ орқали амалга оширилиши белгиланган.

Бундан асосий мақсад:

-минерал ва бошқа кимёвий маҳсулотларни экспортга сотиш орқали республикага валюта тушумларини ошириш;

-экспорт нархларининг пасайиши ва маҳсулотларининг рентабеллик даражаси тушиб кетишининг олдини олиш;

-ташқи бозорларда экспорт нархларининг тушиб кетишини олдини олиш;

-ички бозор эҳтиёжини ўрганиш ва минерал ўғитлар тақчиллигининг олдини олишдан иборат.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Фарғона вилояти божхона бошқармаси “Қиргули” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости томонидан “Ўзкимёимпэкс” МЧЖнинг жами 89 та партиядаги 26 054 тонна, қиймати 5,7 миллион АҚШ долларига тенг бўлган минерал ўғит товарлари экспорт божхона режимига расмийлаштирилган.

 

5.05.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг