Хотира бор экан,тирикдир миллат,
Тирикдир ифтихор,тирикдир ғурур.
Хотира — элни халқ этгувчи қудрат,
Хотира — эртани ёритгувчи нур.
Хуршид Даврон
Умр йўлини Ватан равнақи, эл тинчлиги ва халқ фаровонлиги йўлида сафарбар этиб, она юрти олдида ўз фарзандлик бурчини бажариш чоғида шахид бўлганлар хотираси халқимиз онгида мангу барҳаётдир.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида хизмат қилган Амангельди Қдиров, Тимур Ордабаев, Икрам Матекеевлар ўз Ватани ва касбига садоқат билан хизмат қилиб, мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўлида ўз жонини қурбон қилган ҳақиқий Ватанпарвар фарзандлардир.
Қобилиятли, меҳнатсевар, ҳалол ва интизомли ходим, божхона хизмати майори Амангельди Қдиров Устюрт текислигида контрабанда ашёлари ва товар-моддий бойликларининг ноқонуний равишда олиб ўтилишининг олдини олиш бўйича олиб борилган тезкор тадбир давомида хизмат бурчини бажариш чоғида қаҳрамонларча вафот этди. Халқимизни контрафакт маҳсулотлардан асраш, айланма йўллар орқали олиб кирилган сифати кафолатланмаган, божхона расмийлаштирувидан ўтказилмаган товар-моддий бойликларнинг йўлини тўсаман деб ўз жонини фидо қилди, Устюрт текислигидаги кимсасиз чўл-у биёбонларда шаҳид кетди.
Она Ватани олдида ичган ҳарбий қасамёди унинг учун ҳар нарсадан устун эди.
Мана шундай Ватанпарварлик ҳисси юксак, ҳарбийлик бурчига садоқати баланд бўлган инсондан тарбия олган фарзандлари учун отасининг умр йўли ҳақиқий ибрат намунаси эди.
Оиладаги кенжа фарзанд Улуғбек Шомуродов бугун отасининг изидан юриб, унинг касбини танлади. Мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўлида отасининг бошлаган ишларини давом эттиришни ўз олдига мақсад қўйди.
Ёш, навқирон, ҳали 28 га ҳам тўлмаган Тимур Ордабаев божхона органларида хизмат қилган 10 йил даври мобайнида ўзининг зийраклиги, масъулиятлилиги ҳамда синчковлиги билан тенгдош ҳамкасбларидан ажралиб турарди. Божхона хизмати капитани Тимур Ордабаев касбига, божхоначи ҳарбий қасамёдига бўлган садоқати, Ватанимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги хизмат вазифаларини бажариш вақтида халоқ бўлди. Унинг ёрқин хотираси елкама-елка хизмат қилган ҳамкасблари қалбида мангу муҳрланиб қолади.
Қорақалпоқ заминида яна битта навқирон ўғлон – Икрам Матекеев касбига ва ўз бурчига бўлган садоқати билан хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлди. Оққўнгил ва матонатли инсон, масъулиятли, ҳалол ходим. У умрининг сўнгги дақиқаларигача Она Ватанига, божхоначи қасамёдига содиқ қолиб, ўз халқига мардонавор хизмат қилди. Хизмат фаолияти давомида Ватанимиз сарҳадларида сергак туриб, давлатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, контрабанда товарларининг олиб ўтилиши ва божхона қонунбузилишларига қарши курашишда муносиб ҳисса қўшди, юзлаб автотранспорт воситаларини божхона кузатувига олиб, уларга ортилган товарларнинг хавфсиз ҳаракатини таъминлади, ўз касбий бурчларини ҳамиша сидқидилдан бажарди.
Икрам Матекеевнинг порлоқ хотираси тизим ходимлари қалбида ҳамиша сақланиб қолади.
Она Ватанига кўрсатган жасоратини келажак авлодга етказиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси олдидаги хотира майдонида Амангельди Кдиров, Тимур Ордабаев ҳамда Икрам Матекеевларнинг исмлари ўйиб ёзилган.
Ўз юртига, Ватанига содиқ ва фидоий хизмат қилган, халқининг тинчлик тотувликда умр суриши учун жонини фидо қилган буюк инсонларнинг хотираси мангу яшаб қолади.
Сўзимиз сўнгида, Ватани равнақи йўлида хизмат қилган барча марҳум божхоначиларимизга атаб шоирнинг қуйидаги тўртлигини келтиришни жоиз деб топдик:
Чекинар қузғунлар, қочар сиртлонлар,
Ёмонлик ҳам бир кун ёндирилар-да.
Ватанни ҳимоя этган арслонлар
Абадий яшайди хотираларда.
Қорақалпоғистон Республикаси
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
4.05.2021