Ушбу қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони ва 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқлаштириш мақсадида қабул қилинди.
Унга кўра эндиликда божхона брокери ўз фаолиятини тегишли рухсатнома олмасдан туриб амалга ошириши мумкин. Шунингдек, божхона брокери сифатида фаолиятни амалга ошириш учун рухсатнома олиш талаблари ва шартлари, зарур ҳужжатлар ҳамда ушбу фаолиятни амалга ошириш учун берилган аризани кўриб чиқиш ҳамда рухсатнома бериш тўғрисида ёки рухсатнома беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиш тартибини белгиловчи бир қатор моддалар ўз кучини йўқотди.
Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, божхона брокери учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир минг баравари миқдорида божхона тўловлари тўланишини таъминлаш бўйича мажбурияти бекор қилинди ва эндиликда божхона брокери фақатгина декларант ёки ваколатли шахс олдида ўз фуқаролик жавобгарлигини энг кам ойлик иш ҳақининг минг баравари миқдорида суғурталашга мажбур.
Шу билан бирга, бундан буён декларантлар божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни бажариш учун божхона назорати зонасига кириш, божхона масалалари бўйича божхона органларидан ахборот ва маслаҳатлар олиш, товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона ҳудудидан олиб чиқиш нияти тўғрисида божхона органларини хабардор қилиш, дастлабки операциялар амалга оширилаётганда божхона мақсадлари учун зарур бўладиган ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлаш ва декларацияланадиган товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона омборларига божхона назорати остида жойлаштириш ҳуқуқига эга бўлишди.
Шунингдек, Божхона кодексида божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисга доир яна кўплаб норма ва талаблар бекор қилинди. Жумладан, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис Давлат божхона қўмитасида тегишли тайёргарлик курсида ўқиш, малакасини ошириш ва малака аттестатига эга бўлиш лозимлиги тўғрисидаги мажбурий нормалар чиқариб ташланди.
Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат этиш ҳужжатларини бекор қилиш орқали тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан - 2018 йил 4 октябрдан эътиборан кучга кирди.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
9.10.2018