Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона аудити - ҳалол тадбиркорларни рағбатлантиришда янги қадам!
3404
2021 йил 1 майдан эътиборан “Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом кучга кирди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” 2020 йил  5 июндаги ПФ–6005-сон Фармонида божхона назорати шакли сифатида товарлар чиқариб юборилгандан кейин ТИФ иштирокчиси фаолиятини баҳолаш ҳамда уларнинг товарлар ва транспорт воситалари чиқариб юборилгандан кейинги ҳисобини текширишни назарда тутувчи божхона аудитини амалга ошириш белгиланган.

Ушбу Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 февралдаги “Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 101-сон қарори ишлаб чиқилган.

Мазкур қарор билан “Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланган.

Ушбу низом билан, божхона аудити - товарларни чиқаришга рухсат берилгандан сўнг божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилганлигини ваколатли шахслар томонидан божхона расмийлаштируви жараёнида тақдим этилган ҳужжатларни молия-хўжалик фаолиятига боғлиқ ҳужжатларда акс эттирилган маълумотлар билан солиштирган ҳолда ўрганиш ва текширишга асосланган божхона назорати шакли эканлиги қайд этилган.

Божхона аудити икки хил усулда амалга оширилади:

камерал божхона аудити — божхона аудитини ваколатли шахснинг иш жойи ва (ёки) ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳудудга бормаган ҳолда амалга ошириш;

сайёр божхона аудити — божхона аудитини ваколатли шахснинг иш жойи ва (ёки) ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳудудда ёхуд товарлар жойлашган жойда амалга ошириш.

Божхона аудитидан ўтказиладиган ваколатли шахслар Давлат божхона қўмитасининг “Bojxona auditi” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали инсон омили аралашувисиз автоматик танланади.

Божхона аудити мустақиллик, холислик, профессионал малакалилик ва махфийлик принциплари асосида амалга оширилади.

Божхона аудити қуйидаги ваколатли шахсларга нисбатан ўтказилади:

декларант;

ташувчи;

божхона омбори бўлмаган жойларда товарларни божхона назоратида сақлаётган шахс;

божхона омбори, бож олинмайдиган савдо дўкони ва эркин омбор эгалари;

импортчи, юкни қабул қилувчи, товарларга нисбатан молиявий тартибга солиш учун жавобгар шахслар;

товарлар чиқариб юборилгандан кейин уларни сотиб олувчилар;

ваколатли иқтисодий оператор;

ваколатли шахснинг барча молиявий ва ҳуқуқий мажбуриятларини ўз зиммасига олган шахслар.

Божхона аудити ўтказиш тартиби жорий этилиши орқали қуйидаги натижаларга эришилади:

- энг аввало, ушбу тизим ташқи савдо айланмасининг ошишига ва халқаро савдонинг ривожланишига хизмат қилади;

- божхона назорати ва расмийлаштируви билан боғлиқ тартиб-қоидалар бўйича ички норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шартлари халқаро стандартлардаги талабларга уйғунлашади (Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро Киото конвенциясининг 6.6-стандарти, Жаҳон савдо ташкилотининг 2014 йилдаги “Савдо тартиботларини соддалаштириш тўғрисида”ги битимининг 7.5-моддаси);

- ҳалол ташқи савдо субъектларига нисбатан янада соддалаштирилган божхона тартиботларини самарали қўллаш орқали товарларни божхона назоратидан ўтказиш вақти ва харажатларини қисқаришига эришилади;

- ҳалол ташқи савдо субъектларини янада рағбатлантириш мақсадида қўшимча имтиёз ва преференциялар берилиш мезонларига аниқлик киритишга кўмаклашади;

- ҳар бир ТИФ қатнашчисига индивидуал баҳо бериш ва уларнинг ҳалоллигига қараб саралаш, бир-биридан фарқлаш имкони туғилади;

- ТИФ иштирокчилари томонидан йўл қўйилган хатоликларни ўзлари мустақил аниқлашга олиб келиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигига хизмат қилади.

Ташқи иқтисодий фаолиятнинг (ТИФ) ҳалол иштирокчиларини рағбатлантириш ҳамда божхона қонунчилигини бузган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини тўғри йўлга бошлаш имконини беради.

Содда қилиб айтганда, божхона аудити божхона қоидаларига амал қилувчи тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ўрнатилган тартиботларга риоя қилмайдиган ТИФ иштирокчилари фаолияти устидан назоратни амалга оширишга мўлжалланган.

Маълумот ўрнида: Ривожланган хорижий давлатлар (Америка Қўшма Штатлари, Канада, Ғарбий Европа мамлакатлари, Япония, Хитой,  Жанубий Корея, Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатлари) божхона тизими амалиётида божхона аудити аллақачон жорий этилган.

Жаҳон божхона ташкилоти божхона аудитини ташкилотга аъзо давлатлар томонидан амалиётга жорий этилиши товарларнинг 80-90 фоизгача чегарада кутиш вақтини қисқаришини эътироф этган.

Шунингдек Жаҳон савдо ташкилотининг маълумотларига кўра, божхона аудитининг амалиётга жорий этилиши савдо харажатларининг 14,3 фоизга камайишига ва жаҳон савдосини 1 трлн. АҚШ долларига ошишига олиб келишини ўз тавсияларида таъкидлаб ўтган.

2011 йилда БМТнинг савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (ЮНКТАД) томонидан божхона аудитининг жорий қилиниши товарларнинг 80-90 фоизгача миқдорини тезликда эркин муомалага чиқариб юборишга олиб келишини тасдиқлайди.

Фарҳод Мирзаев,
ДБҚ Контранбандага қарши курашиш ва божхона аудити
бошқармаси бўлим бошлиғи

4.05.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг