Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Булунғурлик тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди
1943
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 2021 йил 8 апрель куни ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда 2021 йил учун бандлик дастурининг ижросини самарали ташкил этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, тадбиркорларга сифатли хизмат кўрсатиш, маслаҳат бериш, жойларда уларнинг фаолиятини амалга оширишга тўсиқ бўлаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жасурбек Файзуллаев Булунғур туманида фаолият юритаётган экспортёр корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишиб чиқди.
Булунғурлик тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди

Дастлаб божхоначилар тумандаги “BULUNGUR-SANDVIK” қўшма корхонасида бўлишди. 2009 йил апрелда ташкил топган мазкур корхона қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаб, экспорт қилишга мўлжалланган.  

Корхона ўзида 134 нафар маҳаллий аҳолини, хусусан хотин-қизларни иш билан таъминлаган.

2020 йил ҳамда 2021 йил I чорак давомида корхона томонидан умумий қиймати 1,9 миллион долларлик қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хорижга экспорт қилинган.

- Корхонамиз ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш орқали янги иш ўринларини яратишни режалаштирган, – дейди,  корхона директори Носир Юсупов, –  Буни амалга ошириш учун эса барча имкониятларимизни ишга соламиз.

Навбатдаги ташриф манзили “AFROSIAB-MEVA” МЧЖ корхонаси бўлди. 2000 йилда ташкил этилган корхонада мева шарбатлари тайёрланади. Она Ватанимизда пишиб етилган мевалар мазкур корхонага келтирилиб, мазали шарбатлар ишлаб чиқилади. Корхона йилига 7 ва 8 минг тонна мевали шарбатлар ишлаб чиқиш қувватига эга.

Агар таҳлилларга эътибор қаратсак, 2020 йил ҳамда 2021 йил I чорак давомида корхона томонидан умумий қиймати 10,6 миллион долларлик маҳсулотлар Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон каби давлатларга экспорт қилинган.

Ташриф давомида божхоначилар тадбиркорларни тинглаб, божхона соҳаси билан боғлиқ муаммоларни жойида бартараф этиш билан бирга уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини таъкидлаб ўтишди.

Шунингдек, учрашувда тадбиркорларга соҳада янги қабул қилинган норматив ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, берилаётган енгилликлар тўғрисида тушунчалар бериб борилди.

1.05.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг