Мазкур қарор билан жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдорий нормалари тасдиқланган ва рўйхатдан асосан 20 турдаги маиший техника буюмлари ва офис техникалари жой олган. Асосийси, эндиликда уларни 1 календарь ойида чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда фақат 1 донадан олиб ўтилиши мумкин.
Бундан ташқари, рўйхатда бошқа турдаги товарлар учун ҳам нормалар белгиланган. Яъни, ҳар куни олиб ўтилаётган ҳар бир номдаги товардан 2 кг. гача рухсат этилади. Аммо, мазкур товарларнинг умумий оғирлиги 10 кг. дан ошмаслиги зарур.
Ушбу товарлар сирасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 6 февралдаги қарори 1-иловасида келтирилган товарлар кирмайди.
Ушбу иловада алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво – 2 литргача, барча турдаги тамаки маҳсулотлари – 10 қутигача, атир ва атирсимон суюқликлар – 3 донагача, қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари – 65 гр.гача божхона тўловларисиз олиб киришга рухсат этилган.
Олиб ўтилаётган товарлар қиймати республикага жисмоний шахслар томонидан пиёда, автомобилда, темир йўл ёки дарё ўтказиш пунктлари орқали товарларни божхона тўловлари ундирмасдан олиб ўтишнинг чеклаган меъёрларидан ошмаслиги керак.
Таъкидланганидек, ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ, шунингдек, қонунга итоаткор фуқаролар ва ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг мурожаатларини инобатга олган ҳолда, республикамизнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, берилган имтиёзларни суистеъмол қилинишининг олдини олиш ҳамда жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.
Учрашув якунида фуқаролар томонидан ушбу қарор ҳамда божхона чегараси орқали ҳаракатланишга оид йўлланган саволларга божхона пости бошлиғи томонидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Қашқадарё вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
29.06.2018