Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Хоразмда сайёр учрашувлар самарали ўтмоқда
1419
Жорий йилнинг 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги устувор вазифаларга доир видеоселектордаги вазифа ва тошпириқлар ижросини ўз вақтида таъминлаш, шунингдек, тадбиркорларни қийнаётган муаммоли масалаларни жойига чиқиб ўрганиш ва зудлик билан ҳал этиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти томонидан ҳам аниқ амалий ишлар амалга оширилмоқда.
Хоразмда сайёр учрашувлар самарали ўтмоқда

Аввал хабар берганимиздек, шу кунларда Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари У.Қодиров ҳудудларда бўлиб, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан сайёр учрашувлар ўтказмоқда.

Хусусан, бугун Хоразм вилоятида ҳам тадбиркорларнинг муаммоларини жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

Ишчи гуруҳ “Урганч” ТИФ божхона постида тадбиркорлик субъектлари ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари иштирокида "Ўзстандарт" агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва "Ўздавкарантин" инспекциясининг вилоят бошқармалари ходимлари иштирокида “Ягона дарча” божхона ахборот тизимига экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни ушбу тизим орқали расмийлаштириш аҳволи мавзусида учрашув ўтказилди. 

 

Эндиликда тадбиркорлар ўз идораларидан чиқмасдан туриб интернетдаги www.singlewindow.uz манзилида жойлашган "Ягона дарча" божхона ахборот тизими орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни олиш учун ариза юбориши мумкин.

Шундан сўнг сайёр учрашув вилоятнинг Янгиариқ туманидаги “Global food impex” МЧЖ бўлиб ўтди. Бундан 4 йил аввал ташкил этилган ушбу жамият мазкур ойда чет эл инвестициясини жалб қилган ҳолда қўшма корхона сифатида қайта ташкил этилди ва ҳозирда иссиқхонада сабзавот маҳсулотлари етиштирилмоқда.

Туркия ва Хитой технологиялари асосида бунёд этилган иссиқхоналарда ҳозирда 20 нафар юртдошларимиз иш билан таъминланган.

Ушбу тадбиркорлик субъекти томонидан 2020 йилда ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 5,4 млн. долларлик помидор ва бошқа полиз маҳсулотлари Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларига экспорт қилинди.

Навбатдаги манзил Қўшкўпир туманидаги “Ummon baliq” фермер хўжалиги бўлди. 2003 йил ташкил этилган мазкур хўжалик балиқ ва балиқ маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланади ва ҳозирда бу ерда 10 нафар юртдошларимиз иш билан таъминланган.

Хўжалик томонидан 2020 йил ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Германиядан қиймати 187 минг АҚШ долларидан зиёд бўлган балиқ озуқалари келтирилган.

Фермер хўжалиги томонидан илмий асосларда маҳсулдор балиқ турларини иқлимлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада, яқин фурсатларда Африка лаққаси, тиляпия, форель, Венгрия сазани ва осётр каби балиқ турларини кўпайтириш ҳам йўлга қўйилган.

Кейинги манзил Гурлан туманидаги “Гурлан экспорт” МЧЖ бўлди. Мазкур корхона 2020 йилда ва жорий йилнинг ўтган даврида иссиқхоналарда етиштирилган 1,9 млн. АҚШ доллари қийматидаги сабзавот маҳсулотларини Хитой, Ҳиндистон, Россия, Украина, шунингдек қўшни Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон давлатларига экспорт қилган.

Галдаги манзил ҳам Гурлан туманидаги ўз фаолиятини бошлаганига эндигина 2 йил тўлган тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “AGRO TEKS EXIM” корхонаси бўлди.

Ҳозирда мазкур корхонада 775 нафар юртдошларимиз иш билан таъминланган бўлиб, келгусида яна 500 нафар янги иш ўринларини ташкил қилиш режалаштирилган.  

Ушбу корхона негизида 9 гектар майдонда жойлашган “Gurlan chorva” фермаси ташкил этилган. Ҳозирда 350 бош “Ангус” зотли ва қозоқ оқбош зотли буқалар боқилмоқда. Ушбу ферма 1000 бош қорамол боқишга мўлжалланган бўлиб, 30 нафар маҳаллий аҳоли иш билан таъминланган. 

Сайёр учрашувда юқоридаги корхоналарнинг муаммолари ўрганилиб, уларни жойида ҳал этиш юзасидан амалий ёрдам кўрсатилиб, ҳуқуқий маслаҳат ва тавсиялар берилди.

29.04.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг