Мазкур Баёнот асосида ҳозирда иккала давлат ўртасида турли соҳаларда, хусусан божхона соҳасидаги ўзаро муносабатлар янада мустаҳкамланмоқда.
Жумладан, 2021 йил 27 апрель куни Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Амузанг” темир йўл ва “Гулбаҳор” чегара-божхона постига АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниэл Розенблюм ташриф буюриб мазкур божхона постларининг фаолияти ва ундаги божхона назоратининг техник воситалари билан яқиндан танишди.
Маросимда АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниэл Розенблюм, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Умаров, бошлиқ ўринбосари Хуршид Халбаев, вилоят ҳокимлиги масъуллари ва бошқалар иштирок этишди.
Дастлаб, АҚШ элчиси “Гулбаҳор” чегара божхона постида бўлиб, бу ердаги шароитлар, фуқаролар ва автомобиллар ҳаракати билан яқиндан танишди. Шундан сўнг меҳмонлар “Амузанг” темир йўл чегара божхона постида бўлишиб, темир йўл юк вагонларининг божхона назорати ҳамда божхона назоратининг техник воситаларини қўлланилиши жараёнлари гувоҳи бўлдилар.
Тадбир якунида, Дэниэл Розенблюм Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги мустаҳкам стратегик ўрнини эътироф этиб, божхона ходимларининг олиб бораётган хизматлари таҳсинга лойиқ эканлигини эътироф этди.
Таъкидланганидек, давлат божхона хизмати органлари ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда яқиндан кўмакчи бўлиб келишмоқда. Бу жараёнда тезкорлик ва самарадорликни таъминлаш мақсадида божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларига янги инновацион ва коммуникацион технологиялар мунтазам жорий этилмоқда.
28.04.2021