Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупцияга қарши курашиш – барчамизнинг бурчимиз
1499
Бизга маълумки, дунё мамлакатларининг барқарорлик билан тараққий этишига коррупция иллати қаршилик кўрсатиб келмоқда. Шу боисдан ҳам коррупцияга қарши курашиш бутун дунё мамлакатларининг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш – барчамизнинг бурчимиз

Қашқадарё вилояти божхона бошқармасида ўтказилган галдаги давра суҳбати ҳам айнан шу мавзуга бағишланди. Унда бошқарма раҳбарияти, бошқарманинг Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлими, таркибий тузилмалар бошлиқлари ва шахсий таркиб иштирок этди.

Тадбирда қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда бу иллатга қарши самарали кураш олиб борилмоқда. Бозор иқтисодиётини янада ривожлантириш, халққа ва тадбиркорларга халақит бераётган тўсиқларни бартараф этиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу борада божхона соҳасида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, божхона идоралари томонидан берилиши назарда тутилган рухсат бериш тартиблари ёки расмийлаштирувда талаб қилинадиган ортиқча ҳужжатлар ҳамда айрим тартиботлар бекор қилинди. Тадбиркорларни хавф даражасига қараб тоифаларга ажратилиши йўлга қўйилди. Натижада, кўрик сони 1,4 баробарга камайиб, самарадорлиги 1,5 баробарга ошди, расмийлаштирув вақти экспортда 1,7 баробарга, импортда 1,4 баробарга қисқарди.

Шунингдек, амалда сақланиб қолинган рухсатнома ҳужжатлари ҳам Давлат божхона қўмитаси марказий аппаратидан ҳудудий вилоят бошқармаларига ёки бевосита божхона постларига ўтказилди ҳамда уларни бериш жараёнлари автоматлаштирилди.

Божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришда ахборот тизимларининг ўрни катта эканлигини тушунган ҳолда, расмийлаштирув билан боғлиқ жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилди.

Дарҳақиқат, Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси томонидан коррупцияни олдини олиш бўйича доимий тарзда тадбиркорлар, фуқаролар, шахсий таркиб ва бошқа орган вакиллари билан ҳамкорликда давра суҳбатлари ҳамда семинарлар ўтказилиб келинмоқда.

Ўтказилган ушбу давра суҳбатида ҳам ходимларнинг хизмат ва хизматдан ташқари вақтларда одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этишлари, тамагирлик ва коррупцияга қарши курашиш, инсонлар ўртасидаги меҳр-муҳаббат, ўз оиласи ва ишига муносабати каби туйғуларни бевосита тарбиялаш ва одоб-ахлоқ орқали шакллантириш мақсадида ташкил этилди.

Тадбир сўнггида эса иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоблар олишди ҳамда божхона соҳасига оид муаммо ҳамда саволлар юзага келадиган тақдирда, Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 ҳамда Қашқадарё вилояти божхона бошқармасининг (75) 221-04-80 рақамли ишонч телефонларига мурожаат этишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.

28.04.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг