Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, Давлат божхона қўмитаси мутасадди раҳбарлари томонидан тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қийнаб келаётган муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида ҳудудларда сайёр учрашувлар ташкил этилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари У.Кодиров мутасадди бошқарма бошлиқлари билан Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, тадбиркорлик субъектлари билан сайёр қабул ўтказди.
Учрашув аввалида божхона органларида ахборот тизимларини такомиллаштириш юзасидан амалга оширилган янгиликларга тўхталиб ўтилиб, бугунги кунда “Ягона дарча” божхона ахборот тизимига 100 дан ортиқ логистика ташкилотлари, 300 дан ортиқ божхона омборлари ҳамда 530 дан ортиқ тижорат банклари қамраб олинганлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, бугунга келиб, ушбу тизимга 6 та вазирлик ва идораларнинг 21 та рухсатнома ҳужжатлари киритилган бўлса, 2021 йил 1 августига қадар бу кўрсаткични 8 та вазирлик ва идораларнинг 39 та рухсатнома ҳужжатини интеграциялаш кўзда тутилганлиги, бу эса ўз навбатида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ортиқча сарф-харажатларсиз вақт тежамкорлигига эришишида катта омил бўлишига алоҳида урғу берилиб, тадбиркорлик субъектларига яратилган ахборот тизимларидан самарали фойдаланиш бўйича тушунчалар берилди.
Учрашув давомида тадбиркорлик субъектларининг фаолияти бўйича мурожаатлари тингланиб, мавжуд муаммо ва тўсқинликлар ўрганилди.
Давлат божхона қўмитаси Раис ўринбосари У. Кодиров томонидан ушбу масалани ҳал этиш бўйича мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда кечиктириб бўлмас чораларни белгилаш бўйича топшириқлар берилди.
Учрашув сўнгида тадбиркорлик субъектлари тегишлилиги бўйича мутасадди раҳбарлардан божхона расмийлаштируви ва назорати бўйича ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди, мавжуд тўсиқ ва муаммолар бўйича мурожаат этишди.
Шундан сўнг, тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ишлаб чиқариш корхоналарида давом эттирилиб, жойларга чиққан ҳолда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг муаммолари ўрганилди.
Хусусан, Нукус шаҳридаги иссиқхона фаолияти билан шуғулланувчи “Bio eco agro impex” МЧЖ, буғдойни қайта ишлаб ун ишлаб чиқарувчи Тахиатош туманидаги “Атияж Гульзар” МЧЖ, ноёб тери маҳсулотини ишлаб чиқариб, экспортга йўналтираётган “Orient texnology” қўшма корхоналари фаолияти билан яқиндан танишиб, ушбу корхоналарнинг экспорт географиясини кенгайтириш бўйича тавсиялар берилди, мавжуд муаммо ва камчиликлар ўрганилиб, жойида бартараф этилди.
Бу каби ўтказилаётган учрашувларда ташқи иқтисодий фаолият қатнашувчиларини ҳуқуқий ва амалий томондан қўллаб-қувватлаш мамлакатимиз ташқи савдо айланмаси ҳажмининг кенгайиши ва иқтисодиётимиз тараққиётига хизмат қилади.
26.04.2021