Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона ходимлари Огаҳий уй-музейига ташриф буюришди
1683
Республика Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими билан ҳамкорликда миллий адабиётимиз тараққиётига катта ҳисса қўшган адиб Огаҳий уй-музейига Хоразм вилояти божхона бошқармаси ходимлари ташриф буюришди.
Божхона ходимлари Огаҳий уй-музейига ташриф буюришди

Ўзбек мумтоз адабиётида – истеъдодли шоир, етук тарихнавис, моҳир таржимон ва давлат арбоби Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий ўзининг муносиб ўрнига эга.

Шоир, таржимон, тарихнавис сифатида танилган Огаҳий ўз ижодида инсонни, ҳаёт гўзалликларини, муҳаббат мавзуини тўлиб-тошиб тараннум этган. У дунёга, инсонга туганмас муҳаббат, ҳаётга чексиз меҳр билан қарайди, ижтимоий жараёнларга қаттиқ қизиқади. Шунингдек, шоирнинг тарихий асарлари далилий манбаларнинг бойлиги ва ишончли бўлиши билан ажралиб туради.

Бундан 30 йил аввал шоирдан ёдгорлик – кўп йиллик тут дарахти муҳофазага олиниб, унинг ёнида Огаҳий уй – музейи барпо этилган.

Огоҳий яшаган даврга оид ва шоир ҳаёти ҳамда ижоди билан боғлиқ нодир осори атиқалар, қўлёзма асарлар нусхалари ҳамда Ўзбекистон халқ рассоми Тўра Қурёзов мўйқаламига мансуб Огаҳий бадиий-тарихий китоблари мазмуни асосида яратилган тасвирий санъат асарлари бу ерга ташриф буюрувчиларга ўзгача завқ ва таассурот бахш этади.

Огаҳий 1872 йилда “Ошиқлар тумори” номли девон тузган. Маданиятимизнинг дурдонаси бўлган бу девон ўзбек мумтоз шеъриятининг 22 жанрини ўз ичига қамраб олган.

Уй-музей замонавий техник жиҳозлар билан таъминланган. Махсус залда давра суҳбатлари, маҳорат дарслари, шунингдек, Огаҳий ҳаёти ва ижоди ҳақидаги видео ролик ва ҳужжатли фильмларни томоша қилиш имкониятлари яратилган.

Ташриф давомида божхоначилар музейга қўйилган тарихий қўлёзмалар ҳамда Огаҳий бобомиз ҳаёт йўллари ҳақида ҳикоя қилувчи экспонатлар ва кўргазмалар билан танишишди.

Хивадаги шоир номи билан аталадиган боғ ҳудудида истеъдодли ўқувчилар учун Огаҳий ижод мактаби барпо этилган. Унинг олдида Огаҳий ҳайкали қад ростлаган.

26.04.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг