Коррупция уюшган жиноятчиликни, терроризмни ва инсоният хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа таҳдидларнинг ўсишига ёрдам беради. Коррупция – иллат, коррупция – тараққиёт кушандаси. Мазкур иллатни олдини олишда, унга нисбатан ёш авлодда нафратни шакллантиришда профилактик суҳбат ва тарғиботлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда, божхона органлари томонидан профилактик учрашувлар доимий ташкил этилмоқда.
Жумладан, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Термиз аэропорт” чегара божхона пости ходимлари Термиз туманидаги 36-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўқувчи ёшлар билан коррупция жинояти ва унинг оқибатлари мавзусида учрашув ўтказдилар.
Тадбирда, божхона ходимлари Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли Фармонига алоҳида тўхталиб ўтдилар. Мазкур фармонга мувофиқ 2019–2020-йилларда коррупцияга қарши кураш давлат дастури тасдиқланган бўлиб, унинг асосий вазифаси коррупцияга доир ҳуқуқбузарликларга замин яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларга қарши кескин чоралар кўрган ҳолда курашишдан иборатдир.
Ташкил этилган учрашувда, сўзга чиққанлар, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш ўта долзарб масала эканлигини гарчи уни бажариш доирасида масъул идоралар белгиланган бўлсада, унинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро ўзида масъулият ҳис этса, қўйилган мақсад ва муддаолар ечими пайдо бўлишини таъкидлашди.
Шунингдек, Муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6013 сонли фармонлари билан “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш агентлиги”нинг ташкил этилганлиги жамиятда коррупциянинг барча кўринишларини олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишда дастуриамал бўлди десак адашмаган бўламиз.
Тадбир сўнгида, тадбир иштирокчиларига ва ўқувчи ёшларга қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан Давлат божхона қўмитасининг 11-08 ёки вилоят божхона бошқармасининг 76-225-02-26 рақамли ишонч телефонлари эслатиб ўтилди.
26.04.2021